Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ветеринария клиникалари ва оптика салонларини ҚҚСга ўтказиш асослими Электромобилларни қувватлантириш фаолиятига қандай солиқлар солинади Қарз олувчида даромад ва харажатлар қандай ҳисобга олинади ва солиққа тортилади Қарз олувчида даромад ва харажатлар қандай ҳисобга олинади ва солиққа тортилади

Бўшатилганлар устидан маъмурий назорат такомиллаштирилади

29.01.2018

 

2018 йил учун давлат дастури билан (Президентнинг 22.01.2018 йилдаги ПФ–5308-сон Фармони билан тасдиқланган) «Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар идораларининг маъмурий назорати тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш назарда тутилади.

 

Маъмурий назорат – бу  тарбиявий олдини олиш таъсир чораларининг мажмуини ифодалаб, назорат остидагиларга нисбатан қуйидаги чеклашларни қўллашдан иборат бўлади:

  • куннинг белгилаб қўйилган вақтида уй (квартира)дан чиқиб кетишини тақиқлаш;
  • туман (шаҳар)нинг муайян жойларида бўлишини тақиқлаш;
  • ИИОнинг рухсатисиз туман (шаҳар)дан ташқарига чиқиб кетишни тақиқлаш;
  • рўйхатдан ўтиш учун ҳар ойда 1 мартадан 4 мартагача ИИОга келиб учрашиш.

 

Қонуннинг янги таҳрири икки асосий йўналиш бўйича пухта ишланади.

 

Биринчидан, маъмурий назоратни ўрнатиш зарурати жиноий қилмишнинг ва уни содир этган шахснинг реал ижтимоий хавфлилиги даражасига асосланиши керак.

 

Маъмурий назоратнинг амалдаги мезонлари шундайки, муайян вазиятларда у ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки енгилроқ жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.

 

Маълумот учун. Маъмурий назорат вояга етган шахсларга нисбатан қўлланилади:

  • оғир жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган ёки ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун 2 ёки ундан ортиқ марта ҳукм этилган шахсларга нисбатан, агар уларнинг жазони ўташ давридаги хулқ-атвори тузалиш ва ҳалол меҳнат қилиб кун кечириш йўлига ўтишни асло истамаганликларидан далолат берса;
  • оғир жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган ёки ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун 2 ёки ундан ортиқ марта ҳукм этилган шахсларга нисбатан, агар улар жазо муддатини ўтаб бўлганларидан сўнг ИИОнинг жамият учун зарарли кун кечиришни тўхтатиш тўғрисидаги огоҳлантиришига қарамай, жамоат тартибини мунтазам бузаётган ва фуқароларнинг қонуний манфаатларига путур етказаётган бўлсалар;
  • ўта оғир жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахсларга нисбатан.

  

Иккичидан, қонун нормаларини жиноятларни оғир ва ўта оғирга таснифлаш қисмида Жиноят кодекси билан мувофиқлаштириш лозим.

 

ЖКнинг 15-моддасига кўра:

  • оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда оғир жазо сифатида 5 йилдан ортиқ, лекин 10 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган жиноятлар киради;
  • ўта оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёхуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 23.01.2018 йилда кучга кирди.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин. 

Анвар Иркахўжаев.