Вазирлар Маҳкамасининг 23.02.2021 йилдаги «2021-2022 йилларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 97-сон қарори қабул қилинди.
Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- хизматлар соҳаси, хусусан, туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва барча мавсумда фаолиятини таъминлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш орқали саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш;
- туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳоли, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқаролар бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадлари ва турмуш даражасини ошириш;
- аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва бошқалар.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2021-2022 йилларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг молиялаштириш манбалари;
- Бўстонлиқ туманида саноат, қишлоқ ҳўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;
- йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини яхшилаш, экологик муҳитни яхшилаш, ободонлаштириш, алоқа тармоқларини қуриш, ирригация ва мелиорация тизимини яхшилаш тадбирлари;
- ижтимоий соҳа объектларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш тадбирлари;
- Бўстонлиқ туманида туризм ахборот марказларини ташкил этиш учун ер майдонлари рўйхати;
- Ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш ва туризм салоҳиятини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.02.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.