Вазирлар Маҳкамасининг 22.05.2018 йилдаги 383-сон қарори билан бюджет тизимининг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришнинг янги тартиби тасдиқланди.
Илгари амал қилган тартиб кучини йўқотди. Янги таҳрир жорий этилиши билан таърифланаётган таомил қандай ўзгарганини кўриб чиқамиз.
Биринчидан, Молия вазирлиги Ғазначилиги Ягона ғазна ҳисобварағидаги (кейинги ўринларда – ЯҒҲ) вақтинча бўш маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш бўйича ягона орган этиб белгиланди. Илгари бу функцияни Молия вазирлиги бажарган. Эслатиб ўтамиз, ЯҒҲга Молия вазирлиги томонидан бошқариладиган бюджет тизими бюджетларининг барча даромадлари ўтказилади.
Иккинчидан, давлат мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари бошқа жамғармаларга, шунингдек бюджет ташкилотларига вақтинча бўш маблағларни тижорат банклари депозитларига ўзлари мустақил жойлаштириш ёки бунинг учун ғазначилик бўлинмаларига буюртманомалар такдим этиш ҳуқуқи берилди (илгари бундай маблағлар фақат Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган). Буюртманомада жойлаштириш ҳажми ва муддати (12 ойгача) мажбурий тартибда кўрсатилади. Бунда бўш маблағларни жойлаштиришдан олинган даромадлар 2 иш куни мобайнида тўлиқ ҳажмда уларнинг шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилади.
Учинчидан, депозитларга маблағларни жойлаштиришдан олдин энди Ғазначилик келгуси чорак учун жойлаштирилиши режалаштирилаётган бўш маблағлар ҳажми тўғрисидаги маълумотни Марказий банкка тақдим этади. Ушбу маълумотлар асосида Марказий банк жойлаштириладиган бўш маблағларнинг энг юқори ҳажми ва энг кам фоиз ставкасини белгилайди.
Тўртинчидан, уларнинг депозитларида бўш бюджет маблағлари жойлаштирилишига талабгор бўлган тижорат банкларига талаблар ҳам ўзгарди. Энди уларнинг устав капиталида давлат улушининг мавжуд бўлиши муҳим эмас. Бироқ ҳар йиллик ташқи аудит ижобий хулосаси зарур бўлади. Бундан ташқари, илгаригидек, банкда Ғазначилик томонидан илгари жойлаштирилган депозитлар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорликнинг йўқлиги инобатга олинади.
Бешинчидан, депозит суммасига энг юқори даромад фоизини таклиф этганлар орасидан банк-ғолибни аниқлаш тартиби ўзгарди. Агар илгари устав капиталида энг кўп давлат улушига эга банкка устунлик берилган бўлса, эндиликда энг манфаатли таклифни биринчи тақдим этган банк ғолиб саналади. Шу билан бирга жойлаштириш жараёнида инсон омилини истисно қилиш учун банклар таклифларини электрон танлаш бўйича дастурий маҳсулот ишлаб чиқилмоқда.
Олтинчидан, вақтинча бўш маблағларни жойлаштиришдан олинган даромадлар умумий миқдорининг 20%и энди Молия тизимини ижтимоий ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.05.2018 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида яқин орада танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.