Президентнинг 24.09.2024 йилдаги “Чанг бўронларига қарши курашиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-338-сонли қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасида 2024-2030 йилларда чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича Миллий дастур тасдиқланди. Унинг асосий йўналишлари:
- 2025-2028 йилларда чанг бўронларини прогноз қилиш ва мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, улар ҳақида аҳолини эрта огоҳлантириш тизимини йўлга қўйиш;
- чанг ва қум бўронларининг олдини олиш ва оқибатларини юмшатишда илғор технологияларни жорий этиш, ҳудудларда яшил қопламаларни кенгайтириш;
- қурилиш майдончаларида ҳавода чанг ва қум зарраларининг тарқалишини бартараф этиш;
- 2028 йилгача кучли чанг бўронларининг юзага келиш суръатини ҳозирги ҳолатга нисбатан 50 фоизга қисқартириш ва бошқалар.
Миллий дастурни босқичма-босқич амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳар икки йилда бир марта 1 декабргача кейинги давр учун "йўл хариталари"ни тасдиқлайди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда:
- 2025 йил 1 январдан бошлаб Тошкентнинг 12 та туманида фон мониторингини амалга ошириш учун автоматлаштирилган кичик станцияларни ўрнатиш бўйича ишларни бошлаш;
- 2026 йил 1 январдан бошлаб аҳолини атмосфера ҳавоси сифати тўғрисида ишончли маълумот билан таъминлаш учун Тошкент шаҳри ҳудудида ўрнатилган махсус мониторлар ва таблоларда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ва гидрометеорологик маълумотларни мажбурий тартибда эълон қилиш вазифаси юкланди.
2030 йилдан бошлаб Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилояти ҳудудларида жойлашган иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан мазутдан ёқилғи сифатида фойдаланиш тақиқланади. Шу билан бирга, 2025 йилги куз-қиш мавсумидан бошлаб мазутдан захира ёқилғи сифатида фойдаланишга фақат Вазирлар Маҳкамасининг об-ҳаво ва технологик режимлардан келиб чиқиб, ҳар йили куз-қиш мавсуми олдидан қабул қилинадиган қарори асосида рухсат берилади.
Тошкент шаҳрига туташ ҳудудларда жойлашган 1,2 мингдан ортиқ иссиқхоналарда фойдаланиладиган кўмир ёқилғисининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш учун чангни тутиб қолувчи ва газни тозаловчи ускуналар ўрнатилади, уларни ўрнатиш учун субсидиялар ажратилади.
Бундан ташқари, 2025-2030 йилларда Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилояти ҳудудларида 441 гектар майдонда "яшил белбоғ" ва "яшил боғлар" барпо этилади.
2028 йилдан бошлаб экологик тоифаси "Евро-4" стандартидан паст бўлган мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва уни реализация қилиш босқичма-босқич чекланади.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 25 сентябрдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова