Вазирлар Маҳкамасининг 8.11.2017 йилдаги 897-сон «Жиззах вилояти Зомин туманининг Даштобод шаҳрида кичик саноат зонасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Зомин тумани Даштобод шаҳрининг умумий майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда (КСЗ). Бир ой муддатда Даштобод шаҳри ҳудудида жойлашган давлат мулки объектлари тўлиқ хатловдан ўтказилади. Унинг натижаларига кўра кичик саноат зонасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мос бўлган объектлар Зомин тумани ҳокимлигига берилади.
Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар
КСЗ ҳудудида жойлашган давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўлови истисно тариқасида "ноль" ставка миқдорида белгиланади. КСЗ ҳудудидаги давлат кўчмас мулклари тадбиркорлик субъектларига 10 йил муддатга ижарага берилади.
Қуйидаги шартларга амал қилинган тақдирда ушбу объектлар уларнинг мулкига айланади:
- лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бизнес режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилганда
- белгиланган иш ўринлари яратилиб, сақланганда.
КСЗ фаолиятини амалга ошириш
КСЗни бошқариш учун давлат унитар корхонаси (ДУК) шаклидаги дирекция ташкил этилмоқда.
2018-2019 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати тақдим этилган бўлиб, унда уларнинг номи, ташаббускорлари, суммаси, иш ўринлари сони ва амал қилиш муддати кўрсатилган. Қурилиш материаллари, мебель, трикотаж ва бошқаларни ишлаб чиқариш бўйича жами 28 та лойиҳа тақдим этилган.
КСЗ ҳудудидаги тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган банк-молия хизматларини кенгайтириш мақсадида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг мини-банки очилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 9.11.2017 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.