Президент томонидан 11 февраль куни «Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида»ги Фармон имзоланди.
Президентнинг 27.10.2020 йилдаги ПФ–6096-сон Фармонига мувофиқ ҳамда иқтисодиётга хусусий инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштириш мақсадида халқаро консалтинг, аудиторлик ва инвестиция маслаҳатчилари, инвестиция банклари ва бошқа ихтисослашган компанияларни (кейинги ўринларда – халқаро ташкилотлар) жалб этган ҳолда давлат активларини хусусийлаштиришнинг замонавий усулларини жорий этиш амалиёти бошланган.
Ҳужжатда белгиланишича, халқаро ташкилотларни жалб этиш Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ёки «UzAssets» инвестиция компанияси томонидан энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида амалга оширилади, бунда улар билан тузиладиган шартномаларни экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди. Халқаро ташкилотлар томонидан аниқланган қиймат ёки қийматлар оралиғи савдо жараёнида мўлжал сифатида ҳисобга олинишига рухсат берилади. Шунингдек баҳолаш ташкилотининг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботида тавсия этилган ва унинг экспертиза хулосасида аниқланган нархни давлат активининг бошланғич нархи сифатида мажбурий белгилаш тўғрисидаги талаб амал қилмайди.
Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясига қуйидагилар бўйича қарорлар қабул қилиш ваколати берилади:
- давлат активларининг бошланғич нархини эълон қилмаган ҳолда сотиш тўғрисида эълонлар бериш;
- иккитадан кам бўлмаган таклифлар орасида энг яхшиси асосида сотиш (баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда тавсия этилган ва экспертиза хулосасида аниқланган нархдан қатъи назар).
Агентликка манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 августга қадар давлат мулкини хусусийлаштиришда баҳоловчи ташкилотларни танлаш, уларнинг хизматлари қийматини аниқлаш ва тўлашнинг энг яхши тижорат таклифларини танлаб олиш тартибини жорий этиш топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.02.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.