Вазирлар Маҳкамасининг 3.05.2018 йилдаги 333-сон қарори билан Сузиш спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари режаси ҳамда Бюджет маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган бассейнларда шуғулланиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Сув спорти қандай ривожлантирилади
Биринчидан, ушбу соҳада 6 та устувор йўналишни ўз ичига олувчи Чора-тадбирлар режаси тасдиқланди:
- сузиш спорт тури бўйича ўқув-методик базани такомиллаштириш;
- сузиш спорт турларини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаш ишлари самарадорлигини ошириш;
- мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни такомиллаштириш;
- сузиш бўйича спорт иншоотларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
- бассейнларни моддий қўллаб-қувватлаш;
- ОАВ, Интернет тармоғининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш.
Иккинчидан, барча «бюджет» бассейнларини халқаро талабларга мос спорт анжомлари ва ускуналари билан таъминлаш режалаштирилди.
Учинчидан, сув спорт турлари бўйича барча тренерлар мажбурий тартибда малака оширадилар ва қайта тайёрлаш ўқув курсларидан ўтадилар.
Тўртинчидан, ҳудудларда жойлашган давлат таълим муассасаларининг бассейнлари 3 ой муддатда хатловдан ўтказилади. Унинг якунлари бўйича давлат ва хусусий шериклик асосида фойдаланишга бериладиган бассейнлар рўйхати тузилади.
«Бюджет» бассейнлари ҳақидаги барча маълумотлар (манзили, иш вақти, хизмат турлари, нархлари) Интернет тармоғида жойлаштирилади.
Барча хоҳловчиларга – давлат бассейнлари
«Бюджет» бассейнларида бир марта ёки соғломлаштириш гуруҳларига қатнаш йўли билан шуғулланиш мумкин. Улар аҳолини сув спорти машғулотларига кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Шуғулланиш истагини билдирган барча шахслар, 7 ёшдан бошлаб (чуқурлиги 1 метрдан ортиқ бўлмаган бассейнларда – 4 ёшдан бошлаб) соғломлаштириш гуруҳларига қабул қилинади. Бунинг учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- ариза (шахс вояга етмаган бўлса, аризани унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар берадилар);
- паспорт (ва нусхаси) ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома;
- 086-у шаклидаги тибибй маълумотнома, тери таносил врачи ва кардиолог рухсатномаси;
- спорт мусобақаларида эришган натижалари тўғрисидаги ҳужжатлар (агар мавжуд бўлса);
- 3,5 х 4,5 см ўлчамдаги 4 дона рангли фотосурат;
- ариза берувчи илгари бошқа спорт муассасасида шуғулланган бўлса – ариза берувчи унда шуғулланганлиги далилини тасдиқловчи маълумотнома.
Гуруҳлардаги машғулотлар пуллик бўлиб, 45 дақиқа давом этади. Тўлов миқдори бассейн раҳбарияти томонидан юқори турувчи ташкилот билан келишган ҳолда белгиланади.
Кимлар бассейнга бепул қатнаши мумкин
Бассейнларда шуғулланувчиларнинг қуйидаги тоифалари тўловдан озод этилади:
1) ўқувчии-спортчилар – яъни белгиланган норма ва талабларни бажариб, бошланғич тайёрлов гуруҳлари, ўқув-машғулот, спортда камолотга эришиш ва олий спорт маҳорати гуруҳларига ўтган шуғулланувчилар (шуғулланувчиларни бир гуруҳдан бошқасига ўтказиш учун нормативлар алоҳида иловада кўрсатилган);
2) кам таъминланган оилалар фарзандлари ва ногиронлиги бўлган болалар;
3) тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қаровисиз қолган болалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3.05.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.