Президент томонидан 07.07.2023 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-853-сон Қонун имзоланди.
Қонун билан байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан қуйидагиларда фойдаланилишга рухсат берилди:
- жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, шунингдек уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида;
- спорт мусобақаларида, оммавий, тантанали ва маданий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарини нишонлашда, жамият ва давлат арбобларининг, ҳарбий хизматчиларнинг дафн маросимларида;
- халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийим-бошини тайёрлашда.
Шунингдек, ҳужжат билан байроққа нисбатан ҳурматсиз муносабатда бўлиш ҳоллари белгиланди:
- байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги ўчган ҳолда ва бошқа номаъқул тарзда, бирор-бир нарса учун устки ёпинғич, кийим, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, шунингдек буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш;
- байроқни столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшаш ёки унинг тасвирини тушириш ва ундан қоплама сифатида фойдаланиш, шунингдек уни ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшаш ёки унинг тасвирини тушириш;
- байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда фойдаланиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.07.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.