30.12.2023 йилдаги “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги ЎРҚ-813-сон Қонун кучга кирди. У Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 22 декабрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2022 йил 27 декабрда маъқулланган.
2023 йил учун ялпи ички маҳсулот 1 068 044 млрд сўм даражасида прогноз қилинмоқда. ЯИМ ўсиш суръати 5,3%ни, истеъмол нархларининг индекси ўтган йилнинг декабрига нисбатан 9,5%ни ташкил этади.
2023 йил консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 3%и миқдорида белгиланди. 2023 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 310,68 трлн сўм даражасида прогноз қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб қилинган давлат қарзининг суммаси ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60%дан ошмаслиги керак.
2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд АҚШ доллари, шундан Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун - 2 млрд АҚШ доллари, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун - 2,5 млрд АҚШ доллари миқдорида белгиланди.
2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 17 трлн сўм миқдорида белгиланди. Бунда молия йили давомида чиқариладиган ҳамда жорий йилда қопланадиган давлат қимматли қоғозлари чекланган соф ҳажмга киритилмайди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ташаббусига кўра амалга ошириладиган қўшимча тадбирларни молиялаштириш фақат Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон ва коммунал хизматлар учун харажатлар режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантиради.
2023 йил учун мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ижара тўловининг қуйидаги энг кам ставкалари белгиланди:
Т/р |
Ижарага бериладиган мол-мулк тури |
Белгиланган ставка миқдорини тавсифловчи кўрсаткич |
Ойлик ижара тўлови ставкаларининг энг кам миқдорлари, сўмда |
||
Тошкент шаҳри |
Нукус шаҳри ва вилоят маркази бўлган шаҳарлар |
бошқа аҳоли пунктлари |
|||
1. |
Бинолар: |
||||
турар жой |
умумий майдоннинг 1 кв.метри учун |
17 000 |
10 500 |
4 500 |
|
нотурар жой |
35 000 |
20 500 |
8 300 |
||
2. |
Автомобиль транспорти: |
||||
енгил автомобиль (йўловчилар, багаж ташишга мўлжалланган ҳамда ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда, ўриндиқлари сони 8 тадан кўп бўлмаган автотранспорт воситаси) |
1 та автотранспорт воситаси учун |
695 000 |
|||
микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари |
1 375 000 |
Изоҳ: Мазкур ставкалар жисмоний шахсларнинг мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларига солиқ солиш мақсадида қўлланилади.
Қонун Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.01.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.