Вазирлар Маҳкамасининг 29.01.2025 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали жисмоний шахслар ҳаракатланиши ҳамда улар томонидан товар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш жараёнларини янада соддалаштириш тўғрисида»ги ВМҚ-44-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Жисмоний шахсларнинг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктидан ҳаракатланишида "Fast-track" хизматидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Давлат чегарасидан навбатсиз ўтиш хизматидан фойдаланиш учун ҳар бир вояга етган шахс учун БҲМнинг 15 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.Хизмат 2025 йил 1 майдан ишга тушади.
Мазкур хизматдан фойдаланишда қуйидаги қулайликлар яратилади:
- транспорт воситаларида чегарани кесиб ўтаётган жисмоний шахсларнинг навбатдан ташқари паспорт ва божхона назорати жараёнларини тезлаштирган тартибда амалга ошириш учун алоҳида йўлак;
- она-бола хонаси;
- намозхона;
- санузел;
- таом ва ичимликлар харид қилиш бурчаги (бар);
- шахсларнинг дам олиши ва овқатланиши учун "VIP" зал (юмшоқ ўриндиқ ва стол-стуллар, телевизор, бепул "Wi-Fi" ҳудудлари ҳамда бошқалар билан жиҳозланган).
Мазкур хизматдан фойдаланиш учун Божхона қўмитасининг сайтида рўйхатдан ўтиб, чегарани кесиб ўтиш жойи, санаси ва тахминий вақтини ва бошқа маълумотларни тақдим этиш лозим.
Шунингдек "Электрон навбат" автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда, автотранспорт воситаларининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктидан ҳаракатланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 03.02.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев