Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Импорт қилинган товарнинг божхона қиймати кейинги сотув қийматидан ошиб кетса Ўзбекистонда бухгалтерларнинг миллий сертификацияси қандай бўлиши керак МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни тузиш бўйича трансформацион моделни қандай тайёрлаш керак Асосий воситалар қандай қайта баҳоланади

Давлат икки ой ичида ёшлар учун нима қилди?

28.10.2016

Жорий йилнинг сентябрь ойидан қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Уларнинг асосида қандай ғоялар ётади, бизнинг ҳаётимизга уларнинг таъсири қандай бўлади? Бугунги шарҳда биз ҳуқуқ ҳамда қисман иқтисодиёт нуқтаи назаридан “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини таҳлил қилишга уриниб кўрдик.

Расмий маълумотларга кўра Ўзбекистон аҳолиси 31 млн. 573 минг нафар кишидан иборат. Бизнинг халқимиз МДҲ давлатлари орасида энг ёш, бутун дунё бўйича энг ёшлардан бири саналади. Агар курраи заминдаги ёшлар (14 ёшдан 30 ёшгача) аҳолининг ўртача 18%ини ташкил этса, айнан Ўзбекистонда улар 31% атрофида. Агар 14 ёшгача бўлган болаларни ҳам инобатга оладиган бўлсак, аҳолимизнинг тахминан 60%и ҳали 30 ёшга тўлгани йўқ. Кўп сонли ёш авлодга муносиб келажак таъминлаб бериш учун ёшлар сиёсатини нафақат тўғри олиб бориш, балки уни доимий равишда такомиллаштириш даркор.

 

Шу муносабат билан 14.09.2016 йилда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. У 20.11.1991 йилда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун ўрнини қоплади. Эски қонундан фарқли ўлароқ, янги қонун ҳужжати ёшларга янада кўпроқ иқтисодий имкониятлар яратиб берди.

 

Низолар келиб чиқмаслиги йўлида

 

Ёшлар (ёш фуқаролар) жумласига 14 ёшдан бошлаб 30 ёшдан ошмаган шахслар кириши, 30 ёш ҳам шу жумладан экани мустаҳкамланди. “30 ёшдан ошмаган” жумласининг киритилиши амалиётда ёшларга бериладиган имтиёзлар бўйича келиб чиқаётган кўплаб низоларни ҳал этди. Баъзи мансабдор шахслар 30 ёшга тўлмаган фуқароларгина имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга деб хато ўйлашар эди. Қонун бундай қарама-қарши фикрларга барҳам берди.

 

Ёшларни иш билан таъминлаш

 

Илк маротаба қонун доирасида ёшларни иш билан таъминлаш кафолатлари кўзда тутилди. Ҳаммага маълум, иш бўлса – келажак бор. Бозор воқеликларини инобатга олган ҳолда қонунчилик иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган ёшларни ишга жойлаштиришда ёрдам кўрсатилишини назарда тутган:

 

1) Қўшимча иш ўринлари ва ихтисослаштирилган корхоналарни барпо этиш йўли билан. Сирасини айтганда, давлат иқтисодиётда ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш мажбуриятини олди. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида, кўп мамлакатларда ходимларни оммавий  қисқартириш кетаётган бир пайтда ҳар қандай ҳукумат ҳам бундай қарор қабул қилишга журъат эта олмайди. Янги иш ўринлари яратишга барча мавжуд усуллар орқали туртки берилади. Масалан, ёшларни ишга олишда солиқ имтиёзларига эга бўлиш  шулар қаторига киради.

 

Масалан, ҳозирнинг ўзида якка тартибдаги тадбиркор коллеж битирувчисини ишга олса, 12 ой мобайнида у учун қатъий белгиланган солиқни тўламайди (СК 3741- модда).

 

2) Махсус ўқитиш дастурларини ташкил этиш орқали. Бу ерда гап фақат ҳар бир ўсмирга меҳнат бозорида талаб мавжуд бўлган касб бўйича фақат 12 йиллик таълим тизими асосида умумий мажбурий бепул ўрта махсус ва касб ҳунар таълими ҳақида эмас, балки махсус қайта тайёрлаш дастурларини ташкил этиш тўғрисида ҳам бораётир.

 

Шу бугуннинг ўзидаёқ иш билан таъминлашга кўмаклашиш марказларида иш излаётган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтганлар бандлик тури, иш жойи ва меҳнат режимини мустақил равишда танлаш мақсадида бепул профессионал маслаҳат олиш, тайёрланиш, қайта тайёрланиш ва зарур маълумотларни олиш ҳуқуқига эга (“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддаси). “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунни рўёбга чиқариш асносида бу имкониятлар кенгайтирилади. 

 

3) Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшларни ишга жойлаштириш учун корхоналар, муассасалар, ташкилотларда иш жойларининг энг кам миқдори резервини яратиш йўли билан. Резервни яратиш ёш фуқароларни ишга олишнинг мажбурий квоталарини жорий этишни назарда тутади.

 

Умумий жиҳатдан олиб қараганда мазкур механизм “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонун ва Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низом (Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сон ВМҚга 1-илова) орқали аллақачон яратиб бўлинган. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунни рўёбга чиқариш асносида у янада кучаяди. 

 

Имтиёзли кредитлар ёрдамидаги «StartUp»

 

Агар ёш фуқаро “ўзига ишлаш”ни  афзал кўрса, бу соҳада ҳам давлат кўмагига таяниши мумкин. Илк маротаба қонун даражасида ёшларнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар олиш ҳуқуқи қонун даражасида мустаҳкамланди.

 

Айни кунларда МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган ставкадаги кредитлар ёш оилалар аъзолари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига Тижорат банклари томонидан ёш оилаларга имтиёзли асосда кредитлар бериш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами № 1697, 18.07.2007 й.) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартидаги 52-сон қарори асосида тақдим этилмоқда. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан имтиёзли кредитлар олиш ҳуқуқига эга ёшлар сони сезиларли даражада ортиши мумкин.

 

Эслатиб ўтамиз, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари тадбиркорлик соҳасида солиқ имтиёзларига эга. Улар коллежни тамомлаганидан сўнг 12 ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтса, улар 6 ой муддатга қатъий белгиланган солиқдан озод этилади (СКнинг 375-моддаси). 

 

Имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланиш имконияти кенгайди

 

Қонунда “ёш оила” атамаси кенгроқ талқин қилингани кўпчиликка имтиёзли кредитлар олиш учун имкон берди, улар:

 

  • муқаддам бошқа оила қурган ёш фуқаролар;
  • ёлғиз ота-оналар (ажрашганлар, бевалар ҳам шулар жумласидан).

 

Муқаддам ёш оилага ҳар бирининг ёши 30 дан ошмаган илк маротаба никоҳдан ўтган ёшлар кирар эди (18.05.2007 йилдаги ПФ-3878 3-банди). Яъни фуқаролар амалдаги никоҳда бўлишлари ва уларнинг ҳар бири учун ушбу никоҳ биринчиси бўлиши даркор эди. Бу эса ўз навбатида кўп одамларни имтиёз олиш ҳуқуқидан маҳрум этар эди.

 

Шу тариқа, давлат уй-жой масаласини ҳал этиш бўйича мисли кўрилмаган ишларни амалга оширмоқда.

 

Таҳририятдан: Кўриниб турибдики, мазкур қонун асосида давлатнинг ёшларни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш учун катта маблағ сарфлашга тайёрлиги, муҳими, шунга қодирлиги ётибди. Чунки бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни амалиётга жорий этиш жиддий молиявий харажатларни талаб этади.

 

Таъкидлаш жоизки, ёшлар учун бундай имтиёзлар жаҳон амалиётида камёб ҳолат ҳисобланади. Масалан, Россияда ёшлар сиёсатига оид федерал қонун қабул қилинмаган, федерация алоҳида субъектларининг ёшлар сиёсати ҳақидаги қонунлари мавжуд бўлса ҳам улар иш билан таъминлаш ва имтиёзли кредитлаш бўйича бундай иқтисодий кафолатларни бермайди. Қозоғистон Республикасининг «Ёшлар сиёсати тўғрисида»ги қонунида ҳам бундай имтиёзлар мавжуд эмас.

 

Самир Латипов,

экспертимиз

Валюталар курси

2024-11-26
  • USD:12814.78 (+0.00) сум
  • EUR:13442.70 (+0.00) сум
  • RUB:123.50 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48