Вазирлар Маҳкамасининг 27.12.2024 йилдаги «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кенгайтирилиши ҳамда тариф ислоҳотларининг тизимли амалга оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ВМҚ-894-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ҳукуматнинг 5 та ҳужжатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётган бўлиб, улар қуйидагиларни назарда тутмоқда:
- қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқариш фаолияти билан шугулланувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш;
- тижорат банклари томонидан “яшил” истеъмол кредитлари ажратилишини кенг жорий этиш ҳамда кредитлар бўйича фоизларнинг бир қисмига компенсациялар ажратишни янада кенгайтириш.
Хусусан, илгари «яшил» истеъмол кредитлари фақат қуёш фотоэлектр ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситкичларини ўрнатиш мақсадида жисмоний шахсларга миллий валютада ажратилган бўлса, эндиликда улар:
- микро ва кичик гидроэлектр станциялари;
- биогаз ишлаб чиқарувчи ускуналар;
- биогаз қурилмалари;
- иссиқлик насосларини ўрнатиш;
- шунингдек, қурилиш изоляция материаллари, маиший энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонларни сотиб олиш мақсадлари учун ҳам ажратилади.
Шунингдек, «яшил» истеъмол кредитларининг фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори бўлган фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш учун компенсация олишда фоиз ставкаси асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаслиги лозимлиги ҳақидаги шарт бекор қилинмоқда.
Ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидаги ҳужжатларга киритилмоқда:
- Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тўғрисидаги низом (09.02.2019 й. ВМҚ-108-сон қарорига илова);
- Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси тўғрисидаги низом (Вазирлар Маҳкамасининг 09.10.2020 й. ВМҚ- 640-сон қарорига илова);
- Аҳолининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини харид қилиш харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш ёки бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш тартиби тўғрисидаги низом (05.10.2022 й. ВМҚ-568-сон қарорига 1-илова);
- «Яшил» истеъмол кредити бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом (29.09.2023 й. ВМҚ-517-сон қарорига 1-илова);
- Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидалари (Маҳкамасининг 31.05.2024 й. ВМҚ-319-сон қарорига илова).
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.12.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев