Вазирлар Маҳкамасининг 26.04.2019 йилдаги «Давлат активларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 356-сон қарори қабул қилинди.
Хўжалик жамиятларига номзодларни давлат улуши бўйича илгари суришнинг янги тартиби жорий этилмоқда:
- кузатув кенгашлари (банк кенгашлари) аъзолигига, шунингдек устав капитали (фонди)да давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ижроия органи раҳбари ва раҳбар ўринбосари лавозимларига – Бош вазир ёки унинг тегишли ўринбосарлари ва маслаҳатчилари билан келишилган ҳолда;
- устав капитали (фонди)да давлат улуши 50%гача бўлган хўжалик жамиятлари кузатув кенгашлари (банк кенгашлари) аъзолигига – Вазирлар Маҳкамасининг тегишли котибиятлари билан келишилган ҳолда.
Бу муассис (акциядор)лари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат унитар корхоналари бўлган хўжалик жамиятларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Давлат ташкилотлари раҳбарлари ёки раҳбар ўринбосарлари, шунингдек ходимлари бўлган хўжалик жамиятлари кузатув кенгашлари (банк кенгашлари) аъзоларига ҳақ тўлаш ва (ёки) ўз функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш бир чоракда ЭКИҲнинг 50 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда амалга оширилади.
Аниқ миқдорлар улар хўжалик жамиятлари фаолиятининг тегишли соҳасини ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини инобатга олган ҳолда белгиланади. Бунда мазкур шахслар бир пайтнинг ўзида ҳақ тўланадиган кузатув кенгашларининг аъзолари сифатида иккитадан кўп бўлмаган хўжалик жамияти фаолиятида иштирок этиши мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.04.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.