Президентнинг 3.06.2016 йилдаги ПҚ-2543-сон қарори билан 2016-2017 йилларда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида жойлашган тепловоз депоси негизида экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводини қуриш бўйича мўлжалдаги қиймати 29,0 млн АҚШ доллари эквивалентига тенг инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ лойиҳанинг амалга оширилиши учун масъул ҳисобланади ва шахсий маблағлари ҳисобида лойиҳани молиялаштиради.
Иқтисодиёт вазирлигига «Ўзқурилишматериаллари» АК, «Ўзбекнефтгаз» МХК ва «Ўзметкомбинат» АЖ билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган цементни — тартибга солиб туриладиган нархларда, ёнилғи-мойлаш материалларини — шартномавий нархларда ва металл прокатини — биржа котировкаларини ҳисобга олган ҳолда ажратилиши ҳамда тўғридан тўғри шартномалар бўйича етказиб берилишини таъминлаш топширилди.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бўлинмалари томонидан бажариладиган қурилиш-монтаж ишлари ҳажми — ҚҚСдан ҳамда Республика йўл жамғармасига, бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинади.
Республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган машина ва ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, асбоблар ва технологик жиҳозлар бож тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинади.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юристимиз
Елена ЕРМОХИНА
тайёрлади.