Маҳсулотни экспорт қилишда ташиш харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига компенсация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (ВМнинг 10.08.2019 йилдаги 660-сон қарори).
Ҳужжат маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га маҳсулотни экспорт қилишда темир йўл транспортида ташиш бўйича транспорт харажатларининг 50%игача қисмини Давлат бюджети маблағлари ҳисобига компенсация қилиш тартибини белгилайди.
Маълумот учун: экспорт қилишда компенсация қилинадиган маҳсулотлар рўйхати – бу ерда. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги субсидиялар тўлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Компенсация манфаатдор шахс - Ўзбекистонда рўйхатга олинган, маҳсулотларни хорижий мамлакатлардаги харидорларга экспорт шартномасига мувофик сотувчи, экспорт ва (ёки) воситачилик шартномаларига биноан юк жўнатувчи тадбиркорлик субъектига (ёки унинг ваколатли вакилига) тўланади.
Қуйидагилар ваколатли орган томонидан компенсация тақдим этиш шартлари ҳисобланади:
- манфаатдор субъект Ўзбекистонда рўйхатга олинган;
- маҳсулотлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган;
- маҳсулотлар чегарадош (Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистан) бўлмаган мамлакатларга экспорт қилинган, тухум (ТИФ ТН коди 0407210000) маҳсулоти бундан мустасно;
- маҳсулотлар белгиланган тартибда экспортга расмийлаштирилган;
- маҳсулотлар учун камида 30% тўловлар тушган ёки банк аккредитиви очилган (маҳсулотлар манфаатдор субъектнинг ташқи савдо уйларига консигнация шартномалари асосида чиқарилган ҳолатлар бундан мустасно);
- экспорт шартномаси (воситачилик шартномаси, инвойс)да маҳсулотларни етказиб бериш бўйича транспорт харажатлари манфаатдор шахс зиммасига юкланган ва улар у томонидан тўланган бўлиши.
Манфаатдор шахснинг компенсация олиш юзасидан аризаси тасдиқланган схема бўйича кўриб чиқилади.
Низомда компенсация миқдорини аниқлаш ва ҳисоблаш формуласи келтирилган, аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати, шунингдек компенсация беришни рад этиш учун асослар белгиланган.
Компенсация беришни фақат қуйидаги асослар бўйича рад этиш мумкин:
- манфаатдор субъект ва у томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг компенсация тақдим этиш шартларига номувофиқлиги;
- тақдим этилган ҳужжатларда ўрганишлар натижасида ишончсиз ва нотўғри маълумотлар мавжудлиги ёки маълумотларни бузиб кўрсатиш ҳолатлари аниқланган тақдирда.
Бошқа асосларга кўра компенсация беришни рад этишга йўл қўйилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.08.2019 йилдан кучга кирди.
Анвар Иркаходжаев.