Вазирлар Маҳкамасининг 13.02.2025 йилдаги 91-сон қарори билан Электр энергетикаси соҳасидаги фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низом қуйидагиларни белгилайди:
- Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги томонидан электр энергетикаси соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби;
- лицензия олиш учун аризаларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби;
- лицензиатларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
- лицензия талаблари ва шартлари;
- лицензияларни бериш, ўзгартириш, тўхтатиб туриш ва бекор қилиш билан боғлиқ тартиб-таомиллар.
Лицензиатлар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини "Электр энергетикаси тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ амалга оширадилар. Лицензия олиш учун ариза берувчи "Лицензия" АТда, Давлат хизматлари марказида ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтиши, лицензияланиши лозим бўлган фаолият турини (кичик турини) танлаши ва аризани электрон шаклда тўлдириши керак.
Ариза берувчи қуйидаги лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиши шарт:
- техник, иқтисодий ва молиявий имкониятлар, шунингдек кадрлар салоҳиятига эга бўлиш;
- кўрсатиладиган хизматлар сифатини таъминлаш учун зарур чораларни амалга ошириш;
- ижтимоий хизматлар кўрсатиш имкониятига эга бўлиш.
Лицензиатлар ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича қуйидаги мажбуриятларни бажарадилар:
- истеъмолчилар талабларига мувофиқ хизматларни ташкил этиш;
- соғлом рақобат тамойиллари асосида ишончли, қулай ва самарали электр таъминотини таъминлаш;
- электр энергияси ва ёндош хизматлар ҳажми ва нархларини, шунингдек бошқа тижорат шартларини бозордаги талаб ва таклифга асосланиб келишиш.
Барча электр энергетикаси корхоналари лицензияланадиган фаолиятни амалга оширишда электр таъминоти хавфсизлигини, электр таъминотининг белгиланган сифатини, тарифларни тартибга солиш талабларини, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергия самарадорлиги ва энергия тежамкорлигини ҳисобга олишлари керак.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.02.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова