Президентнинг 2.03.2021 йилдаги «Электротехника саноатини янада ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда 2021-2022 йиллар учун электротехника тармоғи самарадорлигининг қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди:
Даврлар |
2021 й. |
2022 й. |
мис хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ҳажмини ошириш |
55 минг тоннагача |
70 минг тоннагача |
маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш |
15 трлн сўмгача |
19 трлн сўмгача |
маҳсулотлар экспорти ҳажмини таъминлаш |
450 млн АҚШ доллари миқдорида |
600 млн АҚШ доллари миқдорида |
иш ўринлари сонини ошириш |
27 мингтага |
34 мингтага |
Ушбу кўрсаткичларни 2023 йилда камида 30%га ошириш режалаштирилмоқда.
2021-2022 йилларда электротехника саноатида янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш дастури тасдиқланди.
2021 йил 1 мартдан бошлаб фоиз ставкасининг МБнинг асосий ставкасидан ошган қисмини, бироқ 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан 3 йил муддатгача компенсация қилиш тартиби ўрнатилади. Ушбу тартиб электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек айланма маблағларни тўлдириш учун электротехника тармоғи корхоналарига бериладиган кредитларга татбиқ этилади.
Электротехника тармоғи корхоналарини Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чоралари жорий этилади:
- 2024 йил 1 январга қадар электротехника ва электромаиший маҳсулотларни барча мамлакатларга, шу жумладан қўшни давлатларга экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50%ини, бироқ маҳсулотлар экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобиль транспортида 15%идан, темир йўл транспортида 20%идан кўп бўлмаган миқдорда қоплашга субсидиялар тақдим этиш;
- молиялаштириш манбаларидан қатъи назар танловлар (тендерлар) доирасида аванс тўловларини амалга ошириш (қайтариш), хорижий валютадаги шартнома шартларини бажариш ва етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича кафолат муддатларини таъминлаш юзасидан маҳаллий тижорат банкларидан кафолатлар олишда гаров таъминоти сифатида кафолат суммасининг 50%игача, бироқ 3 млн АҚШ долларидан ошмаган миқдорда кафилликлар бериш.
Электротехника тармоғи корхоналарини Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ҳамда кредитларнинг фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш тартиби мис катоди ва мис катанкасини ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилишга татбиқ этилмайди.
2021 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 январга қадар муддатга ҳисобот даври якунлари бўйича электротехника маҳсулотларини сотишдан тушган тушуми миқдори умумий тушумининг 80%идан кам бўлмаган электротехника тармоғи корхоналарига фойда солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича ставкаларни 50%га камайтириш тарзида солиқ имтиёзлари берилади. Бўшаган маблағлар корхоналар томонидан дивидендлар кўринишида тақсимланмайди ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва мавжуд қувватларни модернизация қилишга йўналтирилади.
«Олмалиқ КМК» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган мис катодини биржа савдоларига қўйишда унинг бошланғич нархини ҚҚСсиз Лондон металл биржаси нархидан қуйидаги миқдорлардаги чегирмалар билан белгиланади:
- 2021 йил 1 апрелдан – 8%;
- 2022 йилда – 6%;
- 2023 йилда – 4%.
2024 йил 1 январдан эса Лондон металл биржаси нархида (экспортга реализация қилинадиган нархда) белгиланади.
2021 йил 1 апрелдан бошлаб мис хом ашёсини биржа савдолари орқали харид қилишда юқори технологияли ишлаб чиқариш жараёнини жорий этган тармоқ корхоналари томонидан тўловнинг 25%ини аванс тарзида ва қолган 75%ини мис хом ашёси олинганидан сўнг 90 иш куни ичида ҳар ойда тенг улушларда амалга ошириш тартиби жорий этилади. Шунингдек «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг кафолатига асосан уларга товарларни экспорт қилишда ноль даражали солиқ ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган ҚҚСнинг салбий фарқ суммаси 3 кун ичида қоплаб берилади. Бунда солиқ суммаси қоплаб берилганидан сўнг камерал солиқ текшируви белгиланган тартибда амалга оширилади.
Экспорт қилувчи электротехника саноати корхоналари томонидан товарлар улар бўйича тўловларни кечиктириб тўлаш шарти билан экспорт қилинганда, уларнинг айланма маблағларини тўлдириш учун револьвер кредитларни молиялаштиришга Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан тижорат банкларига фоизсиз молиявий ресурслар тақдим этилади. Ушбу ресурслар ҳисобидан кредитлар тўловлар кечиктирилган муддатга ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар қиймати миқдорида, бироқ 3 млн АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда йиллик 2%ли ставка (банк маржаси) билан ажратилади.
Шунингдек қуйидагилар Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча йўналишлар сифатида белгиланди:
- юқори қўшилган қийматли мис маҳсулотларини экспорт қилувчи тармоқ корхоналарининг маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорларда сотиш билан боғлиқ харажатларини маҳсулот турларидан келиб чиқиб, экспорт қийматининг 6%игача миқдорда қоплаш;
- ҳудудларда электротехника саноатига ихтисослаштирилган индустриал технопарклар ташкил этиш;
- тармоқ корхоналарининг қуйидагилар билан боғлиқ харажатларини 50%игача қоплаш:
а) ташқи бозорларда ўз маҳсулотларининг жозибадорлигини ошириш бўйича маркетинг тадқиқотлари олиб бориш;
б) тармоқ лойиҳаларининг лойиҳаолди ҳужжатларини (бизнес-режалар, техник-иқтисодий асослар ва бошқалар) ишлаб чиқиш;
в) жаҳон бозорини ўрганиш ва маркетинг таҳлилларини амалга ошириш учун халқаро маълумотлар базаларига (ахборот ресурсларига) уланиш;
- «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ижро аппаратига хорижий мутахассис ва экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни қисман ёки тўлиқ молиялаштириш.
2021 йил 1 октябрга қадар электротехника ва электромаиший маҳсулотларнинг техник регламентлар ва халқаро талабларга мувофиқлигини (хавфсизлик кўрсаткичлари ва энергия самарадорлигини) баҳолаш бўйича замонавий синов лабораторияси ва сертификатлаштириш марказини ташкил этиш ишлари якунланади.
2022 йил март ойидан бошлаб ҳар йили Электротехника ва электроника халқаро савдо кўргазмаси («Uzbek International Electrotechnics & Electronics Fair») ташкил қилинади.
Ҳужжат 3.03.2021 йилда «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.
Эльмира Сиразиева.