Почта орқали билдиришнома юбориш бекор қилинмоқда. Уч ой ўтгач кучга кирадиган бу ва бошқа тузатишлар Тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган объектларни ёнғин-профилактика кўригидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилди (рўйхат рақами 2532-1, 3.12.2019 й.).
Биринчидан, тадбиркорлик субъектларига ёнғин-профилактика кўригини ўтказиш санаси ҳақида маълум қилиш муддати бир ойдан бир ҳафтагача қисқартирилди. Бундан ташқари, энди тадбиркорлар ўтказиладиган кўрик ҳақида уларга тилхат билан топшириладиган билдиришнома орқали хабар топадилар. Ҳозирги кунда бундай билдиришномани давлат ёнғин назорати органлари буюртма хат билан почта орқали юборишга ҳам ҳақли.
Иккинчидан, ишлаб чиқариш зарурати билан кўрикни ўтказиш муддатини кечиктириш имкониятини олиш тартиби соддалаштирилди. Ёнғин хавфсизлиги ходими ташрифини қолдириш учун тадбиркорлар ҳозиргидек 10 кун олдин эмас, балки у ўтказиладиган кунга қадар ариза юборишлари мумкин.
Учинчидан, оммавий тадбирлар муносабати билан қўшимча равишда ёнғин-профилактика кўриги ўтказиш тартибига тузатишлар киритилди. Чунончи, ўзгартиришлар кучга киргандан кейин нафақат умумхалқ, балки диний байрамларни ўтказиш объектларида (шу жумладан 150 метр радиусида жойлашган объектларда) ҳам кўрик ўтказилади. Мавсум бошланишидан олдин болалар ёзги дам олиш оромгоҳларида ҳам қўшимча равишда кўрик ўтказилади.
Тўртинчидан, Тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган, ёнғин хавфлилигига кўра биринчи ва иккинчи гуруҳларга кирадиган объектлар рўйхатларига ўзгартиришлар киритилди. Биринчи гуруҳга доимий тарзда 100 нафар ва ундан кўп кишилар жойлашишига мўлжалланган даволаш ва соғломлаштириш муассасалари қўшилди. Иккинчи гуруҳда 50 нафардан 100 нафаргача кишилар жойлашишига мўлжалланганлари қолади. Ҳозир 50 нафар ва ундан кўп кишилар жойлашишига мўлжалланган даволаш ва соғломлаштириш объектлари ёнғин хавфлилигига кўра иккинчи гуруҳга киради. Деҳқон (озиқ-овқат), ихтисослаштирилган ва буюм бозорлари (савдо комплекслари) иккинчи гуруҳдан биринчи гуруҳга ўтказилди. Эслатиб ўтамиз, биринчи гуруҳ объектлари йилда 1 марта, иккинчи гуруҳ объектлари – 2 йилда 1 марта кўрикдан ўтказилади.
Бешинчидан, кўрикни режалаштириш ва ўтказиш механизмига тузатиш киритилди. Инспекторлар ўзларига бириктирилган ҳудудда жойлашган объектларнинг ёнғин хавфлилигига кўра гуруҳларга бўлинган рўйхатини шакллантирадилар ва ўзининг кўрикларнинг ойлик иш режа-жадвалига киритадилар.
Бундан ташқари, текширувлар ва кўриклар нисбати белгиланди. 2020 йил 1 мартдан бошлаб ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилишни текшириш (Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида уларни рўйхатга олиш йўли билан бизнес-омбудсманни хабардор қилган ҳолда) жорий этилади. Уларнинг даврийлиги ҳам объектнинг ёнғин хавфлилиги гуруҳига боғлиқ: 1-гуруҳ учун – йилига 1 марта, 2-гуруҳ учун - 2 йилда 1 марта, 3-гуруҳ учун - 3 йилда 1 марта. Тадбиркорларнинг бундай текширувдан ўтказилган объектлари бир йил давомида кўрикдан ўтказилмайди.
Шунингдек, кўрик объектдан ёки унинг бир қисмидан келишув (шартнома) асосида бошқа тадбиркорлик субъекти фойдаланаётган ҳолда ҳам ўтказилиши аниқлаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, кўрикни ўтказиш жараёнида текширишларни рўйхатга олиш китоби тўлдирилмайди. Кўрик натижалари бўйича аниқланган талабларнинг бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича тавсиянома тузилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.03.2020 йилдан кучга киради.
Ленара Хикматова.