Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2024 йилдаги “112” ягона диспетчерлик хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 304-сон қарори қабул қилинди.
“112” ягона диспетчерлик хизмати Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда “Ҳудудгазтаьминот” акциядорлик жамиятининг шошилинч хизматларини маълумотларни узатишнинг ягона тармоғига бирлаштирган ҳолда республиканинг барча ҳудудлари бўйича шошилинч ёрдам чақириқларини қабул қилиш бўйича ягона тизими ҳисобланади.
Ягона диспетчерлик хизматининг асосий вазифалари:
- фуқароларнинг чақирувларини қабул қилиш ва автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш, уларга бепул асосда шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган ёрдамни ташкил этиш ва кўрсатиш;
- шошилинч ёрдам кўрсатишни бошқариш ва мувофиқлаштириш;
- вазирлик ва идораларнинг шошилинч хизматлари томонидан фуқароларга ўз вақтида ёрдам кўрсатилиши юзасидан тизимли назорат юритиш;
- вазирлик ва идораларнинг шошилинч хизматлари ўртасида яқиндан ахборот алмашинуви бўйича тезкор ўзаро ҳамкорликни таъминлаш.
Рақамли технологиялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда шошилинч хизматларни кўрсатувчи барча вазирлик ва идораларга “112” ягона диспетчерлик хизмати тизимини босқичма босқич ишга тушириш вазифаси юкланди:
- 2024 йил 1 июндан - Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида;
- 2024 йил биринчи ярим йиллигида - Андижон, Наманган ва Фаргона вилоятларида;
- 2024 йил якунига қадар – Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган вилоятларда.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- “112” ягона диспетчерлик хизматини республика ҳудудларида ишга тушириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи таркиби;
- “112” ягона диспетчерлик хизматини республика ҳудудларида ишга тушириш бўйича “йўл харитаси”;
- “112” ягона диспетчерлик хизмати тўғрисидаги низом.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.05.2024 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова