Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Инстаграмда реклама жойлаштириш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини кимлар ва қандай объектлар бўйича тўлайди

Ергеодезкадастрдавқўм ислоҳ қилиниши муносабати билан нималар ўзгаради

09.09.2020

Рус тилида ўқиш

 

Ергеодезкадастрдавқўмнинг қайта ташкил этилиши давлат органлари тизими, бўйсунувдаги ташкилотлар ва жамғармаларда қандай акс этиши маълум бўлди (7.09.2020 йилдаги ПҚ–4819-сон қарорга қаранг).  

 

Эслатиб ўтамиз, Ергеодезкадастрдавқўм функция ва вазифаларининг бир қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлигига, қолганлари эса ДСҚ ҳузурида ташкил этилган Кадастр агентлигига ўтказилади. Шу муносабат билан:

 

биринчидан, қуйидагилар ташкил этилади:

а) Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар) бўлимлари (Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари негизида);

б) давлат муассасаси шаклида Давлат кадастрлари палатаси (Давлат кадастрлари, геодезия ва картография миллий маркази негизида) – кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрини, давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини ҳамда Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш учун;

в) Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари ҳамда уларнинг филиаллари негизида) – кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳудудлар давлат кадастрининг юритилишини ташкил этиш учун.

г) Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари (ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарнинг филиаллари негизида) – кўчмас мулк объектларининг жойлашган жойидан қатъи назар, давлат органлари ва ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг буюртмаларига асосан кадастр йиғмажилдини тайёрлаш учун. Бунда кадастр муҳандислари ва филиалларга ушбу хизматларни кўрсатишда тенг шароитлар яратилади. Палата филиаллари босқичма-босқич тугатиб борилади ва заруратга кўра фақат олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда сақланиб қолади;

д) қуйидагилар негизида давлат муассасаси шаклида Республика аэрогеодезия маркази:

  • Марказий аэрогеодезия корхонаси;
  • Самарқанд аэрогеодезия корхонаси;
  • «Геоинформкадастр» ДУК;
  • «Картография» давлат илмий ишлаб чиқариш корхонаси;

е) Кадастр агентлигининг марказий аппарати таркибида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Геодезия назорати бошқармаси (Давлат геодезия назорати инспекцияси негизида);

 

иккинчидан, қуйидагилар ўтказилади:

  • Давлат геодезия назорати инспекцияси ҳузуридаги Давлат картография-геодезия фонди – Кадастр агентлиги бўйсунувига;
  • «Тупроқ таркиби ва репозиторийси, сифати таҳлил маркази» ДУК – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибига;
  • Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибига;

 

учинчидан, Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси Кадастр агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига айлантирилади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси маблағларини шакллантиришнинг қўшимча манбалари белгиланди (қуйидаги жадвалга қаранг).

Кадастр агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси маблағларини шакллантиришнинг қўшимча манбалари

  • Кадастр агентлиги органлари томонидан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларга асосан ундириладиган жарималарнинг 100%и;
  • фуқароларнинг уй-жойга доир мулк ҳуқуқи кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирилмаганлиги учун ундириладиган жарималарнинг 10%и;
  • кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимнинг 10%и;
  • Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан кадастр йиғмажилдини тайёрлаш хизматларини кўрсатишдан тушган маблағларнинг 10%и;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
  • қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича тўланадиган компенсация тўловининг суғориладиган ерлар учун 10%и, лалми ерлар, суғориладиган ва лалми бўз ерлар, пичанзорлар ва яйловлар учун – 5%;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимнинг 10%и;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни жисмоний ва юридик шахсларга ижарага бериш учун ўтказиладиган электрон онлайн-аукционлардан тушадиган маблағларнинг 50%и (электрон аукционни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар чегириб ташлангандан кейин ҳисобланади).

 

тўртинчидан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати тузилмасида:

  • стратегик ривожлантириш, инвестициялар ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига масъул вазир ўринбосари лавозими тугатилади;
  • қишлоқ хўжалигида ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, ер мониторингини амалга ошириш масалаларига масъул вазир ўринбосари лавозими киритилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳудудий органларига қўшимча 204 та бошқарув ходими штат бирликлари ажратилади. Улар Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органлари мансабдор шахслари қишлоқ хўжалиги ерлари мониторингини ўтказиш жараёнида аниқланадиган ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга келтириш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённома тузиш ва кўриб чиқиш учун ваколатли органларга юбориш ҳуқуқига эга.

 

Ҳужжатда назарда тутилган тегишли ташкилотларни тугатиш, ўзгартириш ва ташкил этиш бўйича ҳамда бу билан боғлиқ ташкилий-техник чора-тадбирлар икки ой муддатда тўлиқ амалга оширилиши керак.

 

Кадастр агентлигининг марказий аттестация комиссияси ташкил этилади. Унинг таркибига Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги, Ахборот коммуникациялари вазирлиги, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари, соҳанинг кўзга кўринган мутахассислари, фан ва таълим муассасалари вакиллари киритилади. 2 ой муддатда раҳбарлик лавозимларига номзодлар орасида танлов ўтказилади. Бунда лавозимга тайинлаш ва ундан озод этиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • Кадастр агентлиги директори – ДСҚ раисининг биринчи ўринбосари – Президент томонидан;
  • директор ўринбосарлари – Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан;
  • Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, Давлат кадастрлари палатаси раиси, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) филиаллари бошлиқлари, тизимдаги ташкилотларнинг комплаенс-назорат хизмати ходимлари – Кадастр агентлиги директори томонидан.

 

Йил охирига қадар бошқа лавозимларга малакали ходимлар ишга қабул қилинади. Тор доирадаги мутахассислар меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда шартнома асосида Агентлик ва Палатага ишга жалб этилиши мумкин.   

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.09.2020 йилдан кучга кирган.

 

Олег Заманов.


Валюталар курси

2024-12-14
  • USD:12880.00 (+0.00) сум
  • EUR:13507.26 (+0.00) сум
  • RUB:124.01 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 10 декабрь№ 50