Вазирлар Маҳкамасининг 10.05.2018 йилдаги 348-сон қарори билан Давлат хизматлари марказлари орқали электрон рақамли имзо калитини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Барча турдаги давлат ва банк хизматларидан эркин фойдаланишни таъминлайдиган ЭРИ ҳақида сўз юритилмоқда.
Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзолар сертификатларини бериш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2955, 11.12.2017 й.) солиштирадиган бўлсак, асосан қуйидаги ўзгартиришлар киритилди.
Биринчидан, регламентда ЭРИ сертификатларини бериш учун ЭКИҲнинг 10%и миқдорида йиғим ундирилиши белгиланди. Илгари хизмат нархи ДСҚ ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот марказининг оммавий офертасида белгиланар эди. Йиғим қуйидаги тартибда тақсимланади: 20%и Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси шахсий ҳисобрақамига, 80%и эса ДСҚ ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот марказининг махсус ҳисобрақамига ўтказилади.
Иккинчидан, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг ўқувчиларига ЭРИ бепул берилиши белгиланди. Мазкур имтиёз аввалбошдан Президентнинг 24.05.2017 йилдаги ПФ–5052-сон Фармонида назарда тутилган эди.
Шунингдек эслатиб ўтамиз, Президентнинг 11.04.2018 йилдаги ПҚ–3662-сон қарорига мувофиқ Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Давлат хизматлари марказида ва республика бўйлаб 13 та марказда 1.07.2018 йилга қадар ЭРИ тажриба тариқасида бепул берилади. Яъни имтиёз мазкур туманларда яшовчиларга татбиқ этилади.
Учинчидан, ЭРИни бериш муддати 40 дақиқагача қисқартирилди. Бу вақтнинг ярми давлат хизматлари маркази ходими томонидан ЭРИни олиш учун сўровнома тўлдирилишига (ўзи келган ҳолда), иккинчи ярми эса – ДСҚ ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот марказидан ЭРИ калити сертификатини олишга, мурожаат этувчининг шахсини паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳарбий билети бўйича аниқлашга ҳамда ЭРИ калити ва сертификатини қайд этишга сарфланади.
ДСҚ ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот маркази автоматик тарздаги иш тартибига (реал вақт тартибида) ўтказилганлиги, Давлат хизматлари маркази ходимларининг иш билан боғлиқ операцияларни бажаришига кетадиган вақт қисқартирилганлиги сабабли бундай имкониятга эришилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.05.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.