Президентнинг 4.08.2017 йилдаги Ф-5009-сон “Ёшлар симфоник оркестрини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Ҳужжат давлат раҳбари сайтида жойлаштирилган.
“Ёшлар ижод саройи” ННТнинг Ёшлар симфоник оркестри учун тасдиқланган рўйхат бўйича товарлар харид қилинади. Бунда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлар ажратади, “Ўзсаноатэкспорт” АЖ эса бевосита харид қилиш билан шуғулланади.
Ёшлар симфоник оркестри учун “Ўзсаноатэкспорт” АЖ томонидан хориждан олиб келинадиган товарлар 2018 йил 31 декабргача божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилинди. ДБҚ хориждан олиб келинадиган товарлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат ўрнатади ва ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда божхона тўловлари суммаси молиявий санкцияларни қўллаган ҳолда Давлат бюджети фойдасига ундирилади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.