Президент томонидан 6.06.2022 йилдаги, спортнинг олимпия ва паралимпия турларига тааллуқли қуйидаги иккита қарор имзоланди: «Олий спорт маҳорати институти фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» ва «Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида». Ҳужжатлар ЎзАда эълон қилинган ва 6.06.2022 йилдан кучга кирди.
Олий спорт маҳорати институтининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- жисмоний тарбия
ва спорт соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш, жумладан халқаро тоифадаги спорт устаси ҳамда спорт устаси ва спорт усталигига номзод спортчиларни тайёрлаш; - жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга қаратилган янги таълим дастурларини ҳамда ўқув машғулотларининг инновацион шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
- талабаларнинг касбий мойиллиги, маҳорати ва кўникмаларини чуқур ривожлантириш;
- талабаларнинг республика ва халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш, бу борада спорт захираси ва миллий терма жамоалар таркибини шакллантиришда иштирок этиш;
- спорт соҳасига йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш ва илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ қилиш.
Олий спорт маҳорати институтида ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан бошланади. Талабаларни қабул қилиш Олимпия ва Паралимпия коллежлари битирувчиларининг спорт натижалари асосида шаффоф ва очиқ танлов асосида ўтказилади.
Институт битирувчиларига танланган спорт тури бўйича «тренер», «ҳакам», «селекционер» ва бошқа мутахассисликлар берилади.
Шунингдек Паралимпиячиларнинг матонат мактаби ташкил этилади, унинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
- ёшлар, шу жумладан жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг қўлга киритган ютуқлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзини тарғиб қилиш;
- махсус таълим муассасаларида ҳамда маҳаллаларда жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказиш, иқтидорли ёшларни танлаб олиш, ёшларнинг халқаро параспорт тадбирлари ва мусобақалари, форум ва конференциялардаги иштирокини таъминлашга кўмаклашиш орқали ёшларни параспорт турларига кенг жалб қилиш.
Матонат мактаби Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил қилинади, Қўмита раиси бир вақтнинг ўзида Матонат мактабига раҳбарлик қилади.
Матонат мактаби фаолиятини молиялаштириш манбалари бўлиб Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- Олий спорт маҳорати институти фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури;
- Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгашининг янгиланган таркиби.
Лола Абдуазимова.