Президент томонидан 9 август куни “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди.
Ҳужжатга асосан “Меҳрибонлик” уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг Болалар уйлари (кейинги ўринларда – ўқув-тарбия муассасалари) Миллий гвардияга бириктирилади.
Унга қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
- ўқув-тарбия муассасаларининг тарбияланувчиларини ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, васий ёки ҳомий тайинлаш, фарзандликка бериш ва жойлаштиришнинг бошқа шаклларини қўллаш чораларини кўриш;
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни моддий, ҳуқуқий ва психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш;
- ўқув-тарбия муассасаларида сифатли таълим ва тарбия жараёнини йўлга қўйишга, уларнинг маиший шарт-шароитлари яхшиланишига, шунингдек, тарбияланувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга кўмаклашиш;
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ташкил этиш;
- замонавий усул ва шакллардан фойдаланган ҳолда жисмонан соғлом, маънавий етук ва дунёқараши кенг ёшларни шакллантириш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни спорт турларига қизиқтириш ва жалб этиш.
Миллий гвардия марказий девони тузилмасида ўқув-тарбия муассасаларида ёшларнинг таълим ва тарбия олиш жараёнларини ҳамда уларнинг бўш вақтини самарали ташкил этишга масъул Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари лавозими жорий этилади. Жамоат хавфсизлиги университетида “Ҳарбий ватанпарварлик, маънавий-маърифий тарбия ва ёшлар билан ижтимоий ишлаш” кафедраси ташкил этилади.
Олий Мажлис Сенатига мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш тавсия этилди:
- ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш бўйича “Меҳр дафтари” тизимини ҳаётга татбиқ этиш;
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) оладиган оилаларда тарбиялашни рағбатлантириш амалиётини жорий этиш ҳисобига ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланувчиларни босқичма-босқич фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) оладиган оилаларда тарбиялашга ўтказиш чораларини кўриш;
- болаларнинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг сабабларини ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш.
2021 йил 1 ноябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан “Меҳр дафтари”га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади.
Жамғарманинг маблағлари ҳомийлик маблағлари, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг ажратмалари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.
2022 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумидан ажратмалар миқдори 5%дан 3%га пасайтирилади. Улар бюджетга тўланадиган солиқ ва йиғимларга тенглаштирилади, солиқ органлари томонидан ундирилади ва импорт қилинадиган алкоголь маҳсулотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига қуйидагилар учун жавобгарлик юклатилди:
- ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган қизларнинг таълим-тарбияси, уларни балоғатга, турмушга тайёрлаш;
- ҳар йили камида икки маротаба кўрсатилган қизларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиб бориш, уларни “Меҳр дафтари”га киритиб, уларни қийнаётган масалаларни жойида ҳал қилишга ҳамда ўқув-тарбия муассасаларидан кейинги ҳаётида ўз ўрнини топишига ҳар томонлама кўмаклашиш.
Ҳужжат “Халқ сўзи” газетасида 11.08.2021 йилда эълон қилинган.
Эльмира Сиразиева.