Вазирлар Маҳкамасининг 8.06.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий ташкилотларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 366-сон қарори қабул қилинди.
Илмий ташкилотлар фаолияти ва илмий салоҳияти танқидий таҳлил қилинган ҳолда, академик илм-фанни янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини мустаҳкамлаш, шунингдек ходимларнинг айрим тоифалари меҳнатини рағбатлантириш мақсадида:
- 2020 йил 1 январдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларни сақлаш харажатлари ҳамда жорий харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади;
- бошқарув ходимлари ва айрим ёрдамчи ходимларнинг иш ҳақи миқдори уларнинг эгаллаб турган лавозимидан келиб чиқиб ўртача 130%га табақалаштирилган миқдорда оширилади.
Ҳужжатда Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган илмий ходимлар сонини мақбуллаштириш назарда тутилган. Айрим академик илмий муассасалар бўйича янги ташкилий тузилмалар белгиланган, шунингдек 2020 йилга қадар ходимлар сонини босқичма-босқич мақбуллаштириш жадваллари тузилган.
Ҳужжат билан Фанлар академияси илмий ташкилотларининг бошқарув ва айрим ёрдамчи ходимларининг базавий лавозим маоши миқдорлари тасдиқланди. Давлат дастурлари доирасидаги фундаментал тадқиқотларнинг амалга оширилиши тўхтатилади ва ундан бўшаган бюджет маблағлари илмий ташкилотларни сақлаш харажатларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 9.06.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.