Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2018 йилдаги 406-сон қарори билан Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги формали кийим-боши савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Таҳририятдан: ушбу ҳужжат ва 75 000 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунтиришлари билан бирга «ЎзР қонунчилиги» АҚТда жамланган. Намойиш версиясини бу ерда юклаб олинг (32,1 Мб).
Лицензияловчи орган – туман (шаҳар) ҳокимликлари. Юридик шахслар ҳам, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам лицензия беришни сўраб мурожаат қилишлари мумкин. Лицензия талаблари ва шартлари – бу ерда. Лицензия олиш учун барча зарур маълумотлар кўрсатилган аризани топшириш ва савдо қилиш режалаштирилаётган бинога мулк ҳуқуқи ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаларини илова қилишлозим. Ҳужжатлар бевосита, почта орқали ёки ЯИДХП орқали (ариза ЭРИ билан имзоланади) тақдим этилади.
Аризани кўриб чиқиш учун йиғим: юридик шахслардан – 1 ЭКИҲ, якка тартибдаги тадбиркорлардан – ЭКИҲнинг 50%и ундирилади. Тўлов интернет орқали онлайн – банк картаси ва «SMS-хабардор қилиш» хизмати ёрдамида нақдсиз ёки банкларнинг кассалари орқали – нақд ёки нақдсиз тўланиши мумкин.
Лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор талабгор аризаси олингандан сўнг (унинг тақдим этилган шаклидан қатъи назар) 12 кундан ошмайдиган муддатда қабул қилинади. Лицензия бериш учун давлат божи: юридик шахслар томонидан – 2 ЭКИҲ, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан – 1 ЭКИҲ тўланади. Берилган лицензиялар махсус порталдаги реестрга киритилади.
Ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ўзлари ишлаб чиқарган тасдиқланган намунадаги формали кийим-бошни фақат:
- вазирликлар, идоралар ва ташкилотларга (рўйхатга қаранг);
- тегишли лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига;
- жисмоний шахсларга лицензия талаблари ва шартларига риоя қилган ҳолда ўзларига қарашли чакана савдо тармоғи орқали реализация қилишлари мумкин.
Дастлабки иккала ҳолатда лицензия олиш талаб қилинмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.06.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.