Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назоратнинг янги қоидалари тасдиқланди (рўйхат рақами 2886, 2017 йил 23 май).
Маълумот учун айни пайтда 21.11.2013 йилдаги рўйхат рақами 2528 Қоидалар амал қилмоқда. Қуйида ҳужжатнинг икки таҳрирининг солиштирма таҳлили келтирилади.
Қоидалар террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкини музлатиш тўғрисидаги қатор нормалар билан тўлдирилган.
Мазкур механизмлар ҳақида бу ерда ўқиш мумкин.
Қатор янгиликлар мижозларни лозим даражада текшириш билан боғлиқ. Хусусан, банклар қуйидаги ҳолатларда текширув ўтказишга мажбур бўлади:
- ЭКИҲнинг 100 бараварига (илгари – ЭКИҲнинг 25 баробари) тенг ёки ундан ошган суммада жисмоний шахслар томонидан нақд чет эл валютасининг майдаланишида, алмаштирилишида ва (ёки) бошқа чет эл валютасига айирбошланишида (конверсия);
- жисмоний шахслардан ЭКИҲнинг 100 бараварига тенг ёки ундан ошган суммада нақд чет эл валютасининг инкассога ва (ёки) экспертиза учун қабул қилинишида;
- ЭКИҲнинг 300 бараварига тенг ёки ундан ошган суммада жисмоний шахслар томонидан тижорат банкида жойлашган терминаллар орқали пластик карталардан фойдаланилган ҳолда операциялар (нақд маблағлар ечиш, товар ва хизматларга тўловлар) амалга оширилганда (коммунал ва алоқа хизмати, бюджет, бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бундан мустасно);
- ЭКИҲнинг 100 бараварига тенг ёки ундан ошган суммада мижозлар томонидан банк кассаларидан бошқа банклар томонидан эмиссия қилинган пластик карталар орқали нақд чет эл валютаси олинишида.
Бундан ташқари, алоҳида ҳолатларда банклар мижозларни лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чораларини қўллашга ҳақли:
- мижоз ҳақида очиқ манбалар ва маълумотлар базаларидан қўшимча тасдиқланган маълумотларни тўплаш ва қайд этиш;
- мижоздан у томонидан амалга оширилаётган операциялар бўйича пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг манбалари ҳақидаги маълумотларни олиш;
- мазкур мижоз томонидан ўтказилиши режалаштирилган ёки ўтказилган операцияларнинг мақсадларини ўрганиш;
- ушбу мижоз томонидан амалга оширилаётган операциялар устидан доимий мониторинг юритиш.
Гумонли ва шубҳали операциялар мезонлари ва аломатларига ҳам тузатишлар киритилди. Гумонли операцияларга қўшимча равишда қуйидагилар киритилди:
- мижознинг ташаббуси билан барча маблағларни ечиб олиш ёки уларни бошқа тижорат банкларига ўтказиш орқали амалий иш муносабатларини асоссиз ва (ёки) муддатидан олдин тўхтатилиши;
- тижорат банк томонидан мижозга нисбатан Қоидаларда кўрсатилган чоралар асосли қўлланилганида (мижозларни лозим даражада текшириш, гумонли ва шубҳали операцияларни аниқлаш бўйича чоралар, таваккалчилик даражасини аниқлаш ва баҳолаш назарда тутилмоқда), мижоз ташаббуси билан дарҳол амалий иш муносабатларининг тўхтатилиши;
- жисмоний шахснинг ҳисобварағидан операцияни амалга ошириш кунида белгиланган ЭКИҲнинг 500 баравари миқдорига тенг ёки ундан ошадиган суммадаги пул маблағларининг нақд кўринишда ечилиши;
- мижоз томонидан унинг ҳисобварағига келиб тушган маблағлардан ЭКИҲнинг 100 баравари миқдорига тенг ёки ундан ошадиган суммадаги пул маблағларининг нақд кўринишда ечиш учун мазкур маблағлар келиб тушган пайтдан 3 банк куни ичида мурожаат қилиши.
Қуйидаги операциялар ҳам банкларнинг гумонига сабаб бўлиши керак:
- пул маблағларини Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига, олувчи рўйхатдан ўтган жойдан фарқланувчи оффшор ҳудудда рўйхатга олинган банкда очилган олувчининг ҳисобварағига ўтказилиши;
- фаол жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ёки террористик ташкилотлар томонидан назорат қилинаётган ёхуд улар билан чегарадош бўлган ҳудудларда 30 кун давомида банк пластик картаси орқали ЭКИҲнинг 100 бараварига тенг бўлган ёки ундан ошадиган умумий суммада нақд пулларни ечилиши ёки маҳсулотлар (хизматлар) учун пул тўланиши;
- пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкдан фойдаланиш рухсати берилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция, жумладан уни ўтказишга уриниб кўриши.
Марказий банк тижорат банклари томонидан тақдим этилаётган ҳисоботлар асосида ички назорат қоидаларига риоя қилиниши устидан масофали мониторинг олиб боради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари тўпламининг 29.05.2017 йилдаги 22 (781)-сонида эълон қилингандан кейин 3 ойдан сўнг кучга киради. Қоидаларнинг амалдаги таҳрири ҳам ўша кундан бошлаб ўз кучини йўқотади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.