«Халқ табобати» тиббий ихтисослашувнинг тури бўйича фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник база, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар, шу жумладан тиббий техникага энг кам талаблар тасдиқланди (6.12.2018 йилда 2905-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 12.10.2018 йилдаги ПП–3968-сон қарори билан халқ табобати тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида эътироф этилганди. Бундай хизматлар тиббий фаолиятни лицензиялаш учун белгиланган тартибда лицензияланади (лицензиялаш тартиби тўғрисида ВМнинг 21.06.2015 йилдаги 405-сон қарори билан тасдиқланган Низомга қаранг). Бироқ тиббий таълим маълумоти мавжудлиги талаб қилинмайди.
Лицензия олиш учун шартлардан бири – муассаса моддий-техник базасининг энг кам талабларга жавоб бериши ҳисобланади. Халқ табобатининг ҳам стационар, ҳам амбулатор ташкилотлари учун қуйидаги 8 та зарур нарсалар рўйхати тасдиқланди (қўшимчалар соғлиқни сақлаш вазирининг 28.07.2017 йилдаги 2905-сон буйруғига асосан киритилган):
- стерил тиббиёт асбоб-ускуналари учун стол;
- халқ табобати вакили учун иш столи;
- стуллар;
- кушетка;
- муолажа хонасида стационар ҳолатдаги бактериоцид лампа;
- стериллаш ва дистиллаш учун мўлжалланган тиббиёт асбоб-ускуналари ёки стерилизацияни ўтказиш учун имзоланган шартнома (фаолиятида инвазив муолажалар мавжуд бўлганда);
- тонометр ва фонендоскоп;
- тиббиёт термометри.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 7.03.2019 йилдан кучга киради.
Самир Латипов.