Президентнинг 22.06.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалардан ва халқаро ташкилотларга аъзоликдан келиб чиқадиган мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4756-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
1. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва халқаро ташкилотларга аъзолик бўйича мажбуриятларини бажаришга масъул давлат органлари ва бошқа ташкилотлар рўйхати (кейинги ўринларда – Рўйхат).
Унда қуйидагилар кўрсатилган:
- бадалларни тўловчилар – давлат органлари ва бошқа ташкилотлар;
- бадалларни олувчилар – халқаро ташкилотлар;
- бадалларни тўлаш мажбуриятлари келиб чиқадиган халқаро шартномалар;
- молиялаштириш манбалари – республика Давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳамда тўловчиларнинг шахсий маблағлари.
2. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва халқаро ташкилотларга аъзолик бўйича мажбуриятларидан келиб чиқадиган бадалларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда – Низом).
Мазкур ҳолатда бутун жараён 8 босқичдан иборат бўлади.
1 – Рўйхатда кўрсатилган тўловчилар тўлов ҳужжатларини (инвойс) ёки халқаро ташкилотнинг кейинги йилга режалаштирилган бадал суммаси тўғрисидаги расмий хабарномасини олиши лозим. Ушбу маълумот 1 июнга қадар Молия вазирлигига тақдим этилади. Тўлов ҳужжати (инвойс) ёки расмий хабарнома мавжуд бўлмаса, – олдинги йилларда ҳақиқатда тўланган бадаллар суммаси олинади;
2 – Молия вазирлиги Давлат бюджетини шакллантириш доирасида:
- бадалларни тўлашнинг умумий ҳажмини (АҚШ долларига эквивалентда) шакллантиради;
- келгуси йилда ошиш эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда, бадалларни тўлаш учун зарур бўлган маблағларни ҳар йили Давлат бюджетининг прогноз параметрларида назарда тутади;
3 – тўловчилар ҳар йили 10 мартгача бўлган муддатда бадалларни ҳисобга олган ҳолда харажатлар сметасини тасдиқлаб, рўйхатдан ўтказиш учун Молия вазирлигига тақдим этади;
4 – Молия вазирлиги қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тўловчи томонидан тақдим этилган харажатлар сметасини рўйхатдан ўтказади;
5 – бюджетдан маблағлар ажратилганидан кейин тўловчилар халқаро ташкилотларнинг молия қоидаларида белгиланган муддатларни ҳисобга олган ҳолда, бадаллар ва улар бўйича қарздорликни тўлаш учун назарда тутилган пул маблағларининг конвертацияси учун шакллантирилган буюртмани Молия вазирлигининг Ғазначилигига тақдим этади;
6 – Ғазначилик буюртма тақдим этилгандан кейин 5 иш куни мобайнида конвертацияни амалга оширади;
7 – тўловчилар халқаро ташкилотларнинг молия қоидаларида белгиланган муддатларни ҳисобга олган ҳолда, халқаро ташкилотнинг ҳисобрақамига хорижий валютадаги маблағларни ўтказиш учун тўлов топшириқномасини Ғазначиликка тақдим этади;
8 – Ғазначилик 3 иш куни мобайнида халқаро ташкилотнинг ҳисобрақамига валютани ўтказади.
Бадалларни тўлаш бўйича мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмагани Ўзбекистоннинг халқаро ташкилот фаолияти доирасидаги ҳуқуқлари чекланишига, жиддий сиёсий-иқтисодий оқибатларга олиб келган, мамлакат нуфузига путур етказган бўлса, қарздорлик юзага келишига олиб келган тақдирда шахсий жавобгарлик қуйидаларнинг раҳбарлари зиммасига юклатилади:
- Молия вазирлиги – тўловчиларга бюджет маблағлари ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда ажратилишини таъминлаш;
- Молия вазирлигининг Ғазначилиги – тўловчиларга (ғазна ижроси доирасида қамраб олинмаган тўловчилардан ташқари) ажратилган маблағларни конвертация қилиб, ўз вақтида ўтказилишини таъминлаш бўйича;
- тижорат банклари – ғазна ижроси билан қамраб олинмаган тўловчилар топшириқномаси бўйича тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда тўланишини таъминлаш бўйича;
- тўловчилар – бадалларни тўлаш ва улар бўйича қарздорлик юзага келмаслиги юзасидан мамлакатимиз мажбуриятларининг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини кафолатли таъминлаш бўйича.
Бадалларни ўз маблағлари ҳисобидан тўлайдиган тўловчилар ҳар чоракда Молия вазирлиги ва ТИВга халқаро ташкилот номи, тўлов миқдори ва санасини кўрсатган ҳолда маълумот тақдим этади. Молия вазирлиги ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ва ТИВга халқаро ташкилотларга бадаллар тўлашнинг бажарилиши тўғрисида тўлиқ маълумот тақдим этади.
Молия вазирлиги жорий йилнинг 1 декабрь ҳолати бўйича бадалларни тўлмаган тўловчиларни аниқлаш юзасидан маълумотни шакллантиради ҳамда уларга бадал тўловини зудлик билан тўлаш зарурлиги тўғрисида хабарнома юборади. Хабарномани олгандан кейин тўловчилар 10 кун муддатда қуйидагиларни амалга ошириши шарт:
- бадалларни тўлаши ва бу ҳақда Молия вазирлиги ва ТИВга ахборот бериши;
- бирон-бир сабабга кўра тегишли халқаро шартномани ёки халқаро ташкилот фаолиятини молиялаштиришда мамлакатнинг келгусида иштирок этиши мақсадга мувофиқ бўлмаган тақдирда – Ҳукуматга келгуси хатти-ҳаракатлар бўйича асосли таклифлар билан хулоса киритиши ҳамда бир вақтнинг ўзида ТИВни хабардор қилиши шарт. Вазирлар Маҳкамаси ушбу масала юзасидан қарор қабул қилади ёки уни кўриб чиқиш учун Олий Мажлисга ва (ёки) Президентга ахборот беради.
Ўзбекистоннинг бадалларни тўлаш бўйича қарздорлиги қуйидагилар ҳисобига сўндирилади:
- бюджет маблағлари ҳисобидан – Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори асосида;
- бюджетдан ташқари жамғармалар ва шахсий маблағлар ҳисобидан – тўловчи томонидан мустақил равишда.
Ўтган йилги бадал бўйича қарздорлик ёки дастлаб ҳисобланган бадал миқдори билан ҳақиқатда тўланиши лозим бўлган бадал миқдори ўртасидаги фарқ натижасида қарздорлик юзага келганда, тўловчига бюджетдан қўшимча маблағлар ажратилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.06.2020 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.