Ушбу Қонуннинг мақсади халқаро тижорат арбитражларининг фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонун 56-моддадан иборат, уларда қуйидагилар қайд этилган:
1. Асосий тушунчалар ва шарҳлаш қоидалари белгиланган.
Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
- арбитраж – доимий арбитраж муассасаси ёки муайян низони ҳал қилиш учун ташкил этиладиган арбитраж суди томонидан амалга оширилишидан қатъи назар, низони ҳал этиш тартиб-таомили;
- арбитраж муассаси – халқаро тижорат арбитражини бошқарадиган ташкилот;
- арбитр – тарафлар томонидан низони арбитражда ҳал қилиш учун келишилган тартибда тайинланган жисмоний шахс;
- арбитраж суди – якка тартибдаги арбитр ёки арбитрлар ҳайъати.
2. Арбитраж келишуви тушунчаси берилган, шунингдек унинг шакли ва тузиш механизмлари белгиланган.
Тарафларнинг шартномавий хусусиятга эгалигидан ёки эга эмаслигидан қатъи назар, бирор-бир аниқ ҳуқуқий муносабат билан боғлиқ бўлган, улар ўртасида юзага келган ёки юзага келиши мумкин бўлган барча ёки муайян низоларни арбитражга топшириш тўғрисидаги келишуви арбитраж келишуви ҳисобланади. Арбитраж келишуви шартноманинг арбитраж шарти ёки алоҳида келишув тарзида тузилиши мумкин.
3. Арбитраж судининг таркиби, арбитрларни танлаш ва тайинлаш, рад этиш тартиб-таомили ва уларнинг ваколатларини тугатиш, шунингдек янги арбитрни тайинлаш тартиби белгиланди.
Тарафлар ўз хоҳишига кўра арбитрлар сонини белгилаши мумкин. Бундай келишув бўлмаганда уч нафар арбитр тайинланади.
Арбитрнинг ваколатлари қуйидаги ҳолатларда тугатилади:
- юридик жиҳатдан ёки амалда ўз вазифаларини бажара олмай қолса ёхуд бошқа сабабларга кўра асоссиз кечикиш туфайли уларни амалга оширишга киришмаса;
- арбитр тайинланишни рад этса;
- тарафлар бундай тугатиш борасида келишиб олса.
4. Арбитраж судининг ўз юрисдикцияси тўғрисида қарор чиқаришга доир ваколатлари назарда тутилган.
Арбитраж суди ўз юрисдикцияси тўғрисида, шу жумладан арбитраж келишувининг мавжудлиги ёки ҳақиқийлиги борасидаги ҳар қандай эътироз бўйича ўзи қарор чиқариши мумкин. Ушбу мақсад учун шартноманинг таркибий қисми бўлган арбитраж шарти шартноманинг бошқа шартларига боғлиқ бўлмаган келишув сифатида талқин қилинади. Арбитраж суди томонидан шартноманинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисида қарор чиқарилиши арбитраж шартининг қонунга кўра ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқармайди.
5. Таъминлаш чоралари, уларни белгилаш шартлари, шунингдек уларни ўзгартириш, тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш тартиби белгиланган.
Тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса, бирор-бир тарафнинг илтимосига кўра арбитраж суди таъминлаш чораларини белгилаши мумкин. Арбитраж суди ўзи белгилаган таъминлаш чорасини ёки ўзи чиқарган дастлабки қарорни исталган тарафнинг аризасига биноан ёки алоҳида ҳолатларда ва тарафларни олдиндан хабардор қилганидан сўнг арбитраж судининг ўз ташаббусига кўра ўзгартириши, тўхтатиб туриши ёки бекор қилиши мумкин.
6. Арбитраж муҳокамасини юритиш ва тугатиш тартиби белгиланган.
Арбитраж муҳокамасининг тартиб-таомили, жойи ва тили, шунингдек арбитраж муҳокамасининг бошланиши, арбитраж муҳокамасидаги вакиллик, эшитув ва ёзма муҳокама, далилларни тақдим этиш, қарор чиқариш, келишув битими тузилиши ва арбитраж муҳокамасини тугатиш учун асослар белгиланган.
7. Арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш ва уни рад қилиш учун асослар белгиланган.
Арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан судга шикоят қилиш фақат ушбу Қонун нормаларига мувофиқ уни бекор қилиш тўғрисида ариза бериш йўли билан амалга оширилиши мумкин.
8. Арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш, шунингдек уни тан олишни ёки ижрога қаратишни рад қилиш учун асослар белгиланган.
Арбитражнинг ҳал қилув қарори, у қайси мамлакатда қабул қилинганидан қатъи назар, мажбурий деб тан олинади ва судга ёзма ариза берилган тақдирда ижро этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва расман эълон қилинган кундан олти ой ўтгач 18.08.2021 йилдан кучга киради.
Эльмира Сиразиева.