Вазирлар Маҳкамасининг 01.05.2024 йилдаги “Давлат бюджети харажатларининг барқарор ривожланиш миллий мақсадларига мувофиқлиги ва иқлим ўзгаришига таъсирини кўрсатиб бориш (маркировкалаш) механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 257-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Давлат бюджети харажатларининг барқарор ривожланиш миллий мақсадларига мувофиқлиги ва иқлим ўзгаришига таъсирини кўрсатиб бориш (маркировкалаш) концепцияси тасдиқланди. У қуйидагиларни назарда тутади:
- бюджет харажатларининг барқарор ривожланиш миллий мақсадларига мувофиқлиги ва иқлим ўзгаришига таъсирини таснифлаш;
- харажатларни таснифлашнинг мақсади, объекти ва қамрови;
- харажатларни аниқлаш ва таснифлаш механизмлари;
- харажатларни таснифлаш учун иқлим ўзгаришига таъсирни юмшатиш ва мослаштириш чора-тадбирларини белгилаш;
- харажатларни таснифлаш натижаларини эълон қилиш.
Концепциянинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- таснифлаш қамрови, объекти ва даражаси;
- харажатларни аниқлаш;
- чора-тадбирларнинг бюджет маълумотларига мувофиқлигини таъминлаш;
- бюджет жараёнларига интеграция қилиш;
- харажатларни иқлим жихатидан таснифлашни татбиқ қилишга қаратилган қисқа ва узоқ муддатли ҳаракатлар;
- харажатларни барқарор ривожланиш миллий мақсадлари асосида таснифлаш.
Харажатларни иқлим жиҳатидан таснифлаш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан амалга оширилади. Узоқ муддатли истиқболда дастурий бюджетлаштириш тўлиқ жорий этилганидан сўнг харажатларни иқлим жиҳатидан таснифлаш тармоқ вазирлик ва идоралари томонидан амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.05.2024 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова