Вазирлар Маҳкамаси томонидан 09.04.2025 йилдаги "Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 214-сон қарор қабул қилинди.
Шундай қилиб, ҳарбий хизматчиларга турар жойни ижарага олганлик учун тўлаб бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси 20 фоизга оширилади. Компенсация миқдоридаги ўзгаришлар:
- Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,8 бараваригача;
- Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,6 бараваригача;
- Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари, туманлар марказлари ва аҳоли пунктларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,4 бараваригача.
2025 йил 1 июндан бошлаб календар ҳисобида ўн йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар учун турар жой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити олинишида дастлабки бадал миқдори уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 35 фоизи миқдорида белгиланади. Бу ўзгариш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ипотека кредитларини ажратиш кўрсаткичлари асосида уй-жой билан таъминланадиган ҳарбий хизматчиларга тегишли (илгари дастлабки бадал барча учун 25 фоизни ташкил этарди).
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва ногиронлиги бўлган ҳарбий хизматчиларга турар жой билан таъминлашда, агар улар узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида турар жой билан таъминланган бўлса, қайтарилмаган кредит миқдори ва кредит бўйича ҳисобланган фоизлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.04.2025 йилдан кучга кирди.