Президентнинг 12.07.2022 йилдаги «2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.
Умуммиллий дастур қуйидагиларни назарда тутади:
- автомобиль йўллари инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш;
- автомобиль йўлларида ҳаракатни бошқариш тизимини рақамлаштириш;
- жамоат транспортини ривожлантириш ва рақамлаштириш;
- йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўргатишни йўлга қўйиш;
- ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назоратни кучайтириш.
Дастур амалга оширилишини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлашга қаратилган қуйидаги назорат тартиби ўрнатилди:
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари – ҳар чоракда масъул давлат органлари томонидан Дастур ижроси амалга оширилиши юзасидан ҳудудлар кесимида ўрганишларни ўтказиш ва натижалари бўйича Бош прокуратурага ахборот беришни ташкил этсин;
- Бош прокуратура, Ҳисоб палатаси– ҳар чоракда масъул давлат органлари раҳбарларининг Дастур ижроси, шу жумладан, ҳудудлар кесимида амалга оширилиши юзасидан ҳисоботларини эшитиш ва бажарилмаётган масалалари юзасидан танқидий муҳокама қилиш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссиясига ахборот киритиш амалиётини жорий қилишади.
Қарор билан белгиландики, Дастурда кўзда тутилган тадбирлар ҳар йили бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари доирасида, шунингдек, “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Саодат Усманова.