Вазирлар Маҳкамасининг 20.07.2022 йилдаги “Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда уларни имтиҳондан ўтказиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 393-сон қарори қабул қилинди.
“Автомототранспорт воситаларининг ва шаҳар электр транспорт воситаларининг тузилиши ва уларга техник хизмат кўрсатиш”, “Йўл ҳаракати қоидалари”, “Автомототранспорт воситаларини хавфсиз бошқариш” ва “Ҳаракат хавфсизлиги асослари” фанларидан дарс берувчи ўқитувчилар сифатида фақат автотранспорт соҳаси бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслар қабул қилинади.
ЙТҲда биринчи ёрдам фанидан дарс берувчилар сифатида тиббиёт ихтисослиги бўйича олий ёки ўрта махсус маълумотга ёки “Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш” бўйича инструктор (парамедик) малака сертификатига эга бўлган шахслар қабул қилинади.
Машғулотларнинг ташкил этилиши шаклларидан қатъи назар, ҳайдовчиларни тайёрлаш ҳафтасига 20 соатгача, кундалик ҳажми 4 соатгача режалаштирилади. Ҳайдовчиларнинг малакаси оширилганлиги бўйича бериладиган сертификатлар фақат электрон шаклда расмийлаштирилади. Автомототранспорт воситаларини бошқаришни ўргатиш учун ажратилган амалий машғулотларнинг кундалик ҳажми ҳар бир инструктор учун 8 соатдан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Амалий имтиҳонларни ўтказишда “В” тоифа учун ишлаб чиқарилганлигига 5 йилдан ортиқ бўлмаган, бошқа тоифалар учун ишлаб чиқарилганлигига 10 йилдан ортиқ бўлмаган автомототранспорт воситаларидан фойдаланилади.
Ягона намунадаги анимацияли назарий имтиҳон саволлари базаси 1 000 тадан кам бўлмаган вариантларни ўз ичига олади.
2023 йил 1 январга қадар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг автоматлаштирилган Ягона ахборот тизими ишга туширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.07.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.