Вазирлар Маҳкамасининг 21.02.2025 йилдаги «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 103-сон қарори қабул қилинди.
Низом ҳимоя қилинувчи шахсларга бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.
Ҳимояланадиган шахслар қуйидагилардир:
• жабрланувчи ва унинг қонуний вакили;
• гувоҳ;
• жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси;
• гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари;
• маҳкум, оқланган шахс, шунингдек ўзига нисбатан жиноят иши тугатилган шахс;
• фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари;
• эксперт, мутахассис, таржимон ва холис;
• юқорида кўрсатилган шахсларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари.
Шахсни ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллаш учун асослар:
• ҳимоя қилинувчи шахснинг жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлиши (вафот этиши);
• жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ногиронликка сабаб бўлган тан жароҳати ёки унинг соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганда;
• жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ногиронликка олиб келмайдиган тан жароҳати ёки унинг соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказиш;
• жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан мулкий зарар етказилганда.
Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда, унинг оила аъзоларига бир йўла тўланадиган нафақа миқдори БҲМнинг 100 бараварини ташкил этади (тенг улушларда тақсимланади).
Ҳимоя қилинувчи шахсга унинг жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ногиронликка сабаб бўлган тан жароҳати ёки унинг соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилган тақдирда, ногиронлик гуруҳига қараб:
- I гуруҳга – БҲМнинг 80 баравари;
- II гуруҳга – БҲМнинг 70 баравари;
- III гуруҳга – БҲМнинг 50 баравари миқдорида нафақа тўланади.
Ногиронликка олиб келмаган тан жароҳати етказилган тақдирда, унинг оғирлигига қараб қуйидаги тўловлар тайинланади:
• оғир тан жароҳати олганда – БҲМнинг 35 баравари;
• ўртача оғирликдаги тан жароҳати олганда – БҲМнинг 30 баравари;
• саломатликнинг қисқа муддатли ёмонлашувига олиб келган енгил даражадаги тан жароҳати олганда – БҲМнинг 25 баравари миқдорида нафақа тўланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.04.2025 йилдан кучга киради.
Собир Нурбердиев