Вазирлар Маҳкамаси 24.07.2021 йилдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 459-сон қарорни қабул қилди.
Қайд этилишича, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ажратилган ипотека кредитларини қайтаришда қарздорларнинг ўртача ойлик даромади етмаслиги, натижада уларнинг муаммоли кредитга айланиш хавфи мавжуд. Шу боис МБ, Молия вазирлиги ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг 2022 йил 1 августга қадар тажриба тариқасида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларига ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича маҳаллий ҳокимликларнинг кафилликларини бериш ва муддати ўтказиб юборилган қарздорликларни қоплаш тартибини жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Шу муносабат билан Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан кафилликлар бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.
Маълумот учун! Президентнинг "Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон Фармони билан даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож аҳолига уй-жой сотиб олиш учун ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва (ёки) фоиз тўловларининг бир қисмини тўлаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия тўланади.
Низом қуйидагиларни назарда тутади:
- уй-жойга муҳтож фуқароларни аниқлашнинг ижтимоий мезонларидан ўртача ойлик даромади кам бўлган фуқароларга ипотека кредитлари бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан кафилликлар бериш;
- кафиллик берилган қарз олувчиларнинг ипотека кредити бўйича банк олдидаги муддати ўтказиб юборилган қарздорликни маҳаллий ҳокимликлар томонидан қоплаш тартиби.
"Халқпарвар" комиссиясига 2021 йил 1 августдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг "Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарорига асосан субсидия олиш учун ўртача ойлик даромади етмайдиган ипотека кредитини олиш истагида бўлган фуқароларнинг рўйхатини шакллантириб боришга топшириқ берилди.
Низомга асосан, ипотека кредити бўйича кафиллик олиш мақсадида ариза билан мурожаат қилувчи 18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган ҳамда рўйхатда турувчи Ўзбекистон фуқароси қарз олувчи бўлиши мумкин.
Кафилликни олиш учун қарз олувчи тасдиқланган шакл бўйича аризани ҳамда унга илова сифатида шахсий идентификация рақами маълумотлари ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхасини ҳокимликка тақдим этади.
Кафиллик берилганлиги учун ҳокимликлар томонидан тўлов ундирилмайди.
Кафиллик ҳокимликлар томонидан "Халқпарвар" комиссияларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирдагина берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.07.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.