Вазирлар Маҳкамасининг 26.04.2018 йилдаги 308-сон қарори билан Хоразм вилоятида қўшимча равишда яна иккита кичик саноат зонаси ташкил этилди:
1 – Хива туманининг «Заунгур» посёлкасида, собиқ «Махсус қурилиш механизация» УК мулкий комплекси негизида (3,2 га). Тегишинча, объект кимошди савдоларида реализация қилинадиганлар рўйхатидан чиқарилди;
2 – Шовот туманининг Бешмарган қишлоғида, консерва заводи – собиқ «Махсусинтерсавдо» МЧЖнинг бўш ётган бино ва иншоотлари негизида (3,7 га).
Маълумот учун: 2017 йил декабрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини танлаб олиш ва КСЗда жойлаштириш танлов комиссияси функцияларини минтақавий Маъмурий кенгаш амалга оширмоқда. У фаолият юритмаётган давлат мулки объектларини ноль даражали харид қийматида, инвестиция мажбуриятларини қабул қиладиган КСЗ иштирокчиларига сотиш тўғрисидаги қарорларни ҳам қабул қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Хоразм вилоятида 5 та кичик саноат зонаси ташкил этилган эди. Улар ҳудудида жойлашган давлат кўчмас мулки муайян шартларда (батафсил қаранг) кейинчалик унга бўлган мулк ҳуқуқини ўтказган ҳолда тадбиркорларга ноль даражали ставкада 5 йилга ижарага берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.04.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов.