Вазирлар Маҳкамасининг 30.01.2023 йилдаги “Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 8 январдаги 15-сон қарорига жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 36-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштирок этган ва ўртача ёки оғир тан жароҳати олган ёхуд ҳалок бўлган шахсларга бир марталик нафақа тайинланади.
Бир марталик нафақа миқдорлари қуйидагича:
- ўртача тан жароҳатида – БҲМнинг 20 баравари;
- оғир тан жароҳатида – БҲМнинг 50 баравари;
- фуқаро ҳалок бўлганида – БҲМнинг 100 баравари.
Нафақалар тайинлашга профилактика органларининг суд-тиббий хулоса ёки ўлим ҳақидаги гувоҳнома илова қилинган тақдимномасига асосланган комиссия қарори асос ҳисобланади.
Ҳужжат Қонунчилик ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.01.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.