«Ҳуқуқий эксперимент тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Ҳуқуқий экспериментлар:
- қонунлар;
- Олий Мажлис палаталарининг қарорлари;
- Президент фармонлари ва қарорлари;
- Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ўтказилади.
Маълумот учун: норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат самарадорлигини, унинг вақтинча амал қилишини муайян ҳудудда ва (ёки) шахслар доираси бўйича чеклаган ҳолда ўрганиш ҳуқуқий экспериментдир.
Ҳуқуқий эксперимент ўтказиш босқичлари:
- лойиҳалаштириш ва тайёргарлик кўриш;
- ҳуқуқий экспериментни ўтказиш;
- ҳуқуқий эксперимент мониторинги ва натижаларини баҳолаш;
- ҳуқуқий эксперимент натижаларини жорий этиш.
Ҳуқуқий эксперимент ўтказиш муддати – 6 ойдан 3 йилгача.
Ҳуқуқий эксперимент якунланганидан кейин 30 иш куни мобайнида масъул орган томонидан ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни умуммажбурий ҳуқуқий нормаларга айлантириш мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида ҳисобот тайёрланади. Ҳисобот ОАВ да эълон қилиниши ва жамоатчиликка етказилиши керак.
Ваколатли орган, Президент, Вазирлар Маҳкамаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тақдим этилган ҳисоботга асосан қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
- ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг экспериментал-ҳуқуқий нормаларини умуммажбурий ҳуқуқий нормаларга айлантириш тўғрисида;
- ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг экспериментал-ҳуқуқий нормаларини умуммажбурий ҳуқуқий нормаларга айлантириш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида;
- ҳуқуқий эксперимент ўтказиш муддатини узайтириш тўғрисида;
- ҳуқуқий эксперимент натижаларини инобатга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш ҳақида;
- ҳуқуқий эксперимент натижаларини инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида.
Лойиҳа ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.
Собир Нурбердиев.