13.06.2017 йилдаги ЎРҚ–436-сон Қарор билан «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар киритилди. Ўзгаришлар 14.06.2017 йилда «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди.
Бугунги кунда Қонун бўйича 18 та категориядаги давлат мулки объектлари давлат тасарруфидан чиқарилмайди ва хусусийлаштирилмайди. Аниқлик киритилди – Президент қарори билан унга бошқа объектлар ҳам қўшилиши мумкин.
Бундан ташқари, энди давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш Президентининг қарорига биноан амалга ошириладиган давлат мулки объектлари рўйхати 31 тадан 26 тага қисқарди. Энди унга қуйидагилар киради:
- асосий фондларининг баланс ЭКИҲнинг юз минг бараваридан ортиқ (муқаддам – 1 миллиард сўмдан) бўлган корхоналар;
- қимматбаҳо, нодир металлар, қимматбаҳо тошларни кавлаб олиш ҳамда қайта ишлаш корхоналари;
- саноатнинг таянч тармоқлари: ёқилғи-энергетика, кончилик, машинасозлик ва пахтани қайта ишлаш мажмуаларининг корхоналари ва ташкилотлари. Нефть, газ ва кўмир қазиб чиқариш, қудуқлар бурғулаш корхоналари ва ташкилотлари. Магистрал нефть қувурлари ва газ қувурлари, нефть маҳсулотларини оқизма ҳолда етказиб берадиган қувурлар, электр ва иссиқлик ҳосил қилувчи станциялар ва тизим ҳосил этадиган электр тармоқлари;
- кимё корхоналари (гербицидлар, минерал ўғитлар, синтетик толалар, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашда ишлатиладиган заҳарли кимёвий дорилар ва шу кабиларни ишлаб чиқариш);
- электр алоқаси корхоналари, телевизион, радио қабул қилиш ва радио узатиш марказлари ҳамда уларнинг муҳандислик иншоотлари;
- ракета-космик мажмуалари, алоқа тизимлари ва уларни бошқариш воситаларини ишлаб чиқиш, тайёрлаш, таъмирлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва объектлар;
- матбаа корхоналари ва нашриётлар;
- ахборот ва телеграф агентликлари;
- шифрлашда ишлатиладиган техникани ишлаб чиқариш, таъмирлаш, реализация қилиш ва ундан фойдаланишни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;
- стандартлаштириш ва метрология корхоналари ҳамда ташкилотлари
- таваккалчилик хавфи юқори бўлган объектлар ҳамда ички ва ташқи хавф-хатари бор ишлаб чиқариш объектлари (атом энергетикаси объектларини (ускуналари, тизимлари ва аппаратларини ўрнатиш) ва стратегик аҳамиятдаги объектларни қуриш ва монтаж қилиш ишларини олиб бориш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни таъмирлашни амалга оширувчи ихтисослаштирилган корхоналар ва ташкилотлар бундан мустасно) қуриш ҳамда улардан фойдаланишни, улар учун ускуналар, назорат қилиш ва фалокатларнинг олдини олиш тизимларини тайёрлашни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;
- муҳандислик инфратузилмаси объектлари: туман марказлари ва шаҳарларнинг электр, иссиқлик, газ таъминоти, водопровод-канализация хўжалиги»;
- темир йўл, ҳаво ва дарё транспортида йўловчилар ҳамда юклар ташишни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;
- вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларнинг олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар ўқув юртлари, шунингдек умумтаълим муассасалари;
- Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг ташкилотлари. Давлат илмий марказлари;
- давлат наслчилик хўжаликлари ва фермалари, от заводлари, элита-уруғчилик хўжаликлари, уруғчилик ва селекция станциялари, давлат уруғчилик инспекциялари ва қишлоқ хўжалик экинларининг технологик сифатини баҳолаш лабораториялари, нав синов станциялари ва участкалари;
- почта алоқаси корхоналари;
- ўрмон хўжалигининг, геология, картография-геодезия, гидрометеорология хизмати корхоналари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг ахборот марказлари;
- саноатнинг қаттиқ чиқиндилари ва рўзғор чиқиндилари кўмиладиган майдонлар, бинолар, иншоотлар ва кўмиш учун керакли ускуналар, чорва моллар кўмиладиган жойлар;
- машина синаш станциялари, элеваторлар;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган давлат санаторий-курорт хўжаликлари;
- кинолаштириш ва концерт-томоша кўрсатиш муассасаларининг корхоналари, шунингдек ахборот-кутубхона муассасалари ва ўқув заллари;
- соғлиқни сақлаш муассасалари;
- давлат ветеринария хизмати, ўсимликларни ҳимоя қилиш хизмати корхоналари ва муассасалари;
- ногиронлар, қариялар ва фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимоя этилмаган бошқа тоифалари қаровда бўладиган уйлар ва интернатлар;
- болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг соғломлаштириш муассасалари.
Бу муҳим! Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб сотув нархини белгилашда объектнинг давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш ўтказилаётган пайтдаги бозорнинг жорий конъюнктураси ва объектнинг қийматига таъсир кўрсатувчи объектив омиллар мажмуи ҳисобга олиниши лозим.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.