Президент томонидан 30.04.2022 йилдаги “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
1 июндан бошлаб “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида:
- жамоа шартномаларига иш берувчилар томонидан ходимлар учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш имконини яратиш қоидалари киритилади;
- саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қоплаб берилади.
1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш (cashback) тартиби жорий этилади. Шундай тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ:
- саёҳат харажатларини қайтариш ички саёҳатларни режалаштириш ва маблағларни қайтариш ҳамда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида тақдим қилинадиган чегирмалар, тайёр туристик пакетларни мустақил шакллантиришни назарда тутувчи электрон платформа, шу жумладан, унинг мобиль иловаси орқали амалга оширилади;
- харажатларни қайтариш саёҳат қилиш давомида бир вақтнинг ўзида қуйидагилар назарда тутилганда амалга оширилади:
- авиа, темир йўл ва (ёки) автомобиль транспортидан фойдаланиш;
- жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш;
- маданият ташкилотларига ташриф буюриш.
Харажатларни қайтариш ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:
- авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15%и, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- темир йўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15%и, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15%и, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50%и, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.
Ушбу суммалар фақатгина е-платформа орқали амалга оширилган ички саёҳатлар учун унинг якуни билан маҳаллий туристларнинг банк карталарига қайтарилади. Платформа ДСҚнинг махсус мобиль иловаси (SoliqUz) билан интеграция қилинган ҳолда, харажатлар ҳаққонийлиги мобиль илова ёрдамида текширилиб, харид чекининг QR-коди сканер қилинади ҳамда маҳаллий туристларнинг доимий яшаш жойлари кўрсатилади.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон туризм магистрали” туризм транспорт коридори бўйлаб ер участкалари реализация қилинади. Автомагистраль йўллари бўйлаб “карвонсарой”лар ташкил этилади, манзилли рўйхат бир ой муддатда шакллантирилади.
Ҳар бир “карвонсарой”да туризм хизматлари, ҳунармандчилик ва маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси, автомобилларга хизмат кўрсатиш тақдим этилади.
Уч ой муддатда Ақчакўл, Ашши кўл, Зикри кўли, Айдаркўл, Тузкон кўли ва Тўдакўл ҳудудларида пляж зоналарини ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун ҳайвонот дунёси объектларининг яшаш муҳити ҳисобланмайдиган ер участкалари 10 йилгача бўлган муддатга ижарага берилади.
Ҳужжат билан Ички туризмни диверсификация қилиш дастури тасдиқланди. Хусусан, махсус ташкил этиладиган “туризм кўчалари”да жойлашган умумий овқатланиш корхоналари, кўнгилочар ва савдо объектлари, маданият ташкилотларига тунги вақтда (соат 18:00 дан 06:00 га қадар) ишлашга рухсат берилади.
Тунги вақтда фаолият олиб бораётган туризм намойиши объектларига қуйидаги талаблар белгиланади:
- объектларнинг ички қисми, хизмат кўрсатиш хоналари, кириш ва чиқиш, шу жумладан, фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда ҳаракатланиш ва фуқароларни эвакуация қилиш жойларида маълумотларни камида 30 кун давомида сақлаш имконини берувчи видеокузатув тизимини ўрнатиш;
- биноларнинг ён-атрофи, автотураргоҳ ва уларга тегишли бошқа ҳудудларни камида 10 метр масофада ёритиш;
- объектларни тўлиқ товуш ўтказмайдиган тарзда жиҳозлаш;
- объектларни ёнғин ўчириш воситалари, тиббий ёрдам қутичалари билан таъминлаш ва бошқалар.
2022 йил 1 июлдан бошлаб “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақоми берилган фуқаролар йиғинлари ҳудудларида меҳмон уйлари, овқатланиш, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар учун Президентнинг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-104-сон қарори 2-бандининг “а” ва “в” кичик бандларида назарда тутилган солиқ имтиёзлари ва қоидалари татбиқ этилади.
Оилавий меҳмон уйларини таъмирлашга 100 млн сўмгача, мебель, маиший техника ва бошқа буюмлар билан жиҳозлашга 50 млн сўмгача ҳамда сузиш ҳавзаларини ташкил этишга 200 млн сўмгача лойиҳаларни молиялаштириш учун тадбиркорларга кредитлар берилади.
Лола Абдуазимова.