Адлия вазирининг буйруғи (рўйхат рақами 2565-6, 5.07.2018 й.) билан Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Таҳририятдан: ушбу ҳужжат ва 75 000 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунтиришлари билан бирга «ЎзР қонунчилиги» АҚТда жамланган. Намойиш версиясини бу ерда юклаб олинг (32,1 МБ).
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда келишиладиган ташкилотлар рўйхати кенгайтирилди. Рўйхатга 3 та жамоат тузилмаси киритилди:
- Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) – нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар бўйича;
- Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси – адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ масалалар бўйича;
- Савдо-саноат палатаси (ССП) – тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир қиладиган масалалар бўйича.
Эслатиб ўтамиз, илгари идоравий НҲҲ лойиҳалари фақат айрим давлат органлари билан келишилиши шарт бўлган:
- Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан – тегишинча ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳамда иқтисодиётнинг алоҳида соҳалари ва тармоқлари масалалари бўйича;
- Ташқи савдо вазирлиги билан – ташқи савдо билан боғлиқ масалалар бўйича;
- Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан – инвестициялар билан боғлиқ масалалар бўйича;
- Ташқи ишлар вазирлиги билан – ташқи сиёсий фаолият билан боғлиқ масалалар бўйича;
- Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан – фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига тааллуқли масалалар бўйича;
- Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан – фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалалар бўйича;
- «Энергия тежаш миллий компанияси» АЖ билан – энергия самарадор ва энергия тежамкор технологияларни қўллаш масалалари билан боғлиқ шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг лойиҳалари.
Атроф табиий муҳитга, шу жумладан, табиий ресурслардан фойдаланиш ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хўжалик ва бошқа фаолиятни тартибга солувчи идоравий НҲҲ лойиҳалари эса Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан мажбурий давлат экологик экспертизасидан ўтказилади.
Маълумот учун: Идоравий НҲҲ лойиҳасини келишиш давомида вазирлик ва идоралар ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, бундай ҳужжат келишмовчиликлар бартараф қилингунига қадар қабул қилиниши мумкин эмас. Агар келишмовчиликларни бартараф қилишнинг имкони бўлмаса, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлашга масъул бўлган вазирлик ёки идора бу масалани батамом ҳал қилиш учун Вазирлар Маҳкамасига ёхуд бошқа юқори турувчи органга мурожаат қилиши лозим. Шу билан бирга жамоат ташкилоти томонидан келишиш рад этилган ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги Қоидаларда кўрсатилмаган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6.07.2018 йилдан кучга кирди.
Самир Латипов.