Вазирлар Маҳкамасининг 14.07.2017 йилдаги 497-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сафарбарлик чақируви резервида (СЧР) хизматни ўташи тартиби тўғрисида низомга тузатишлар киритилди.
2015 йилнинг сентябрь ойида қуйидаги қоида жорий қилинган: СЧР хизматчиси вафот этган тақдирда тўланган пул бадаллари унинг яқин қариндошига, меросхўрига, васийсига ёки ҳомийсига қайтарилади.
Мудофаа вазирлигининг статистикасига кўра, кўрсатилган санагача 244 нафар СЧР хизматчилари пул бадалларини тўлашган (жами сумма – 233,5 млн.сўм), бироқ вафот этганлиги сабабли ҳарбий йиғинлардан ўтишмаган.
Шу муносабат билан нормага орқага қайтиш кучини беришга қарор қилинди. Яъни вафот этган (ҳалок бўлган) СЧР хизматчиларининг яқин қариндошлари, меросхўрлари, васийлари ёки ҳомийларининг мурожаатларига бўйича ҳатто пуллар 2015 йил сентябрь ойигача ўтказилган тақдирда ҳам улар қайтарилади.
Бундан ташқари, эндиликда СЧР хизматчисига III гуруҳ ногиронлигини (илгари – фақат I ва II гуруҳ) бериш бадалларни қайтариш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.