Ички ишлар вазирининг буйруғи (рўйхат рақами 2941, 2017 йил 27 октябрь) билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг касбий тайёргарлик факультетига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, ИИВ Академиясининг Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курслари негизида Касбий тайёргарлик факультети ташкил этилган (2017 йил 16 августдаги ПҚ-3216-сон Президент қарори).
Факультетга Ўзбекистон фуқаролари бўлган, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун талабларига жавоб берадиган, ёши 18-30 бўлган, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий маълумотга эга бўлган, ҳарбий хизматни ўтаган (эркаклар учун), соғлиғининг ҳолатига кўра ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ички ишлар органларида хизмат қилишга яроқли деб топилган, дастлабки ва махсус-профессионал танловдан муваффақиятли ўтган шахслар (шу жумладан, ички ишлар органларининг ходимлари) қабул қилинади.
Ички ишлар органларининг офицерлар таркиби ходимларини тайёрлаш йўналишида олий маълумотли шахслар 6 ой ўқийди, сержантлар таркиби ходимларини тайёрлаш йўналишида эса ўрта махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотли шахслар 5 ой ўқийди.
Факультетга ўқишга қабул қилиш квоталари ички ишлар вазири томонидан тасдиқланади. Факультетга ўқишга қабул қилиш учун танловларни ўтказиш муддатлари ва қабул қилиш шартлари ОАВ, шунингдек Академиянинг сайтида эълон қилинади.
Факультетга тингловчиларни қабул қилиш дастлабки танлов ва махсус-профессионал танлов асосида амалга оширилади.
Дастлабки танлов қуйидагиларни ўз ичига олади:
- ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;
- дастлабки якка тартибдаги суҳбат;
- умумжисмоний тайёргарликни баҳолаш;
- тиббий кўрикдан ўтказиш.
Факультетга ўқишга кириш учун фуқароларнинг аризалари (ички ишлар органи ходимларининг билдиргилари) қабул йилининг 15 февралидан 15 апрелигача қабул қилинади.
Фуқароларнинг аризасига қуйидагилар илова қилинади:
- паспорт нусхаси;
- туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси;
- яқин қариндошларининг паспорти, туғилганлик ҳақида гувоҳномаси, никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳномаси, никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳномаси, вафот этганлар бўлса, уларнинг ўлим ҳақида гувоҳномаси нусхалари;
- 3х4 см ўлчамдаги 6 та фотосурат (бош кийимсиз) ва 9х12 см ўлчамдаги 2 та фотосурат (бош кийимсиз);
- номзод томонидан қўлда ва компьютерда ёзилган таржимаи ҳол;
- анкета;
- ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) ва ўзини-ўзи бошқариш органидан тавсифнома ва маълумотнома;
- маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар ва уларнинг баҳолар кўрсатилган иловалари нусхаси;
- ҳарбий гувоҳнома нусхаси;
- меҳнат дафтарчаси нусхаси (агар мавжуд бўлса).
Ички ишлар органи ходимларининг билдиргисига куйидагилар илова килинади:
- яқин қариндошларининг паспорти, туғилганлик ҳақида гувоҳномаси, вафот этганлар бўлса, уларнинг ўлим ҳақида гувоҳномаси нусхалари;
- 3х4 см ўлчамдаги 6 та фотосурат (бош кийимсиз) ва 9х12 см ўлчамдаги 2 та фотосурат (бош кийимсиз).
Дастлабки якка тартибдаги суҳбат номзод ариза (билдирги) билан мурожаат қилган кундан бошлаб 10 кун ичида ўтказилади.
Суҳбат ўтказилгандан кейин 15 кун ичида Низомда келтирилган методикага мувофиқ номзодларнинг умумжисмоний тайёргарлиги баҳоланади. Умумжисмоний тайёргарлик бўйича синовлардан муваффақиятли ўтган номзодларга тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади.
Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича номзоднинг соғлиғи ҳолатига кўра ички ишлар органларида хизмат қилишга яроқлилиги тўғрисида хулоса чиқарилади. Хизматга яроқсиз деб топилган номзодлар махсус-профессионал танловга қўйилмайди.
Махсус-профессионал танлов қуйидагиларни ўз ичига олади:
- ҳужжатларни ўрганиш;
- тиббий кўрикдан ўтказиш;
- ички ишлар органларида хизматга касбий-психологик лаёқатини баҳолаш;
- якуний якка тартибдаги суҳбат.
Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича соғлиғи ҳолатига кўра номзоднинг ички ишлар органларида хизмат қилишга яроқлилиги тўғрисида хулоса чиқарилади. Хизматга яроқсиз деб топилган номзодлар махсус-профессионал танловнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.
Номзодларнинг ички ишлар органларида хизматга касбий-психологик лаёқати Низомда келтирилган методикага мувофиқ баҳоланади.
Якка тартибдаги якуний суҳбат Низомда келтирилган методика асосида ўтказилади.
ИИВ академик лицейларининг битирувчилари бўлган номзодларга хизматга касбий-психологик лаёқатини баҳолаш ва якуний суҳбатда тўплаган умумий балларининг 20 фоизи микдорида имтиёз балли қўшиб берилади.
Хизматга касбий-психологик лаёқатини баҳолаш ва якуний суҳбат натижаларининг умумий йиғиндисига кўра номзодни Факультетга ўқишга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Натижалардан норози бўлган номзодлар 3 иш куни ичида апелляция шикоятларини бериши мумкин. Апелляция комиссияси уларни 3 иш куни ичида кўриб чиқади. Апелляция комиссияси қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Ҳужжат 2017 йил 27 октябрда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Сардор ЖУМАШОВ
эксперт-юристимиз.