Президент томонидан 28.03.2025 йилдаги «Республика ҳудудларида микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-129-сон Қарор имзоланди.
2025-2026 йилларда республика бўйлаб 3 мингга яқин микро гидроэлектр станцияларини қуриш режалаштирилган. Энг кўпи Андижон вилоятида (763 та), энг ками пойтахтда қурилади.
Натижада 280 минг аҳоли электр энергияси билан таъминланади. Шунингдек, 1,2 мингта вақтинчалик, кейинчалик эса 520 та доимий иш ўрни яратилади.
Микро ГЭСлар тайёр бизнес-лойиҳа сифатида қуйидаги тартибда сотилади:
• асосий мезони бўлиб-бўлиб тўлаш муддатини қисқартириш ҳисобланган онлайн аукцион савдолари асосида микро ГЭСлар тадбиркорлик субъектларига реализация қилинади;
• бошланғич бадал қийматнинг 30 фоизини ташкил этади, қолган 70 фоизини бошланғич муддати 60 ой бўлган давр мобайнида тўланади;
• аукцион савдоларини ўтказиш регламенти Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Энергетика вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 03.04.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев