Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Президентнинг янги ПФ-184-сон Фармони: 2025 йилдан айрим ҳуқуқбузарликлар учун икки томонлама жавобгарлик бекор қилинади Етказиб берувчининг маҳсулотларини тарғиб қилиш бўйича тренингни қандай ўтказиш керак Маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жавобгарлик чоралари

“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да нималар белгиланган

02.03.2023

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 28.02.2023 йилдаги Фармони билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.

 

Давлат хизматлари

 

2023 йил 1 июлдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларида аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш чора-тадбирлари белгиланди. Хусусан, қуйидагилар назарда тутилган:

  • давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 300 тага, ЯИДХП орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини эса 570 тага етказиш;
  • аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар)га миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатишни йўлга қўйиш;
  • электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини проактив тарзда кўрсатишни (фуқаро мурожаатини кутмасдан, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан) таклифини юбориш йўлга қўйиш.

 

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматлар Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратишнинг ягона электрон платформасига ўтказилади ҳамда субсидияларни ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини электрон платформа орқали онлайн текшириш тизими йўлга қўйилади.

 

Ижтимоий соҳа ва уй-жой

 

2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилади.

 

2023 йил 1 апрелдан бошлаб ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.

 

“Янги Ўзбекистон” массивларини ривожлантириш ва аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 2023 йилда “Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивларда янги уй-жойлар қуришнинг ҳажмларини 1,6 бараварга ошириш назарда тутилмоқда.

 

Ташаббусли бюджет амалиётини ҳамда маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини кенгайтириш мақсадида:

  • 2023 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 8 трлн сўм, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун 4 трлн сўм йўналтирилади;
  • 2023 йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 4 трлн сўм ажратилади.

 

Таълим

 

Таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш мақсадида:

  • 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади;
  • 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб қуйидагилар амалиётга киритилади:

– умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-4-синфларида ўқувчиларни илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган дарсликлар бўйича ўқитиш;

– 5-9-синфларда ўқувчиларга умумтаълим фанларидан таянч билимлар бериш;

– 10-11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган ихтисослашган дастурлар асосида билим бериш.

 

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминланади.

 

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бўйича ҳам ажратилади.

 

2023 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига;
  • профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.

 

 

 

Соғлиқни сақлаш соҳаси

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

  • 2023 йилда 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш;
  • 18-40 ёшли 12,6 млн нафар аҳолини профилактик кўрикдан ўтказиш, 40 ёш ва ундан катта ёшдаги сурункали касаллиги бўлмаган 6,3 млн нафар аҳолини юрак қон-томир касалликлари ва қандли диабет, 3 млн нафар аҳолини онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувларидан ўтказиш;
  • спинал мушак атрофияси билан касалланган 112 нафар болани дори воситалари билан таъминлаш;
  • 250 нафардан ортиқ заиф эшитувчи болада кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш, шунингдек, бундай операциялар ўтказилган 132 нафар болада нутқ процессорларини алмаштириш чораларини кўради.

 

Бундан ташқари қуйидагилар назарда тутилган:

  • вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни бериш босқичма-босқич электрон шаклга ўтказиш;
  • 2023 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш.

 

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

 

2023 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир тасдиқнома амал қилиш муддати давомида чет эл фуқаролари хориждан олиб келинган шахсий автотранспорт воситасини олиб чиқиб кетиш муддатини узрли сабабларга кўра ўтказиб юборганда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган йиғимни тўлашдан озод этиш кўзда тутилган.

 

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида 2023 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга уч йиллик мораторий ўрнатиш назарда тутилган.

 

Сувни  тежаш

 

Қишлоқ хўжалигини сув ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида 2023 йилда сув ресурсларини бошқаришда узлуксиз тизимни йўлга қўйиш ҳамда сувни тежайдиган рақамли технологияларни жорий қилиш ҳисобига сувни етказиб беришдаги табиий йўқотишлар ҳажмининг 10%гача камайтирилиши режалаштирилмоқда.

 

Сув хўжалиги вазирлигига 2023 йил якунига қадар  сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш орқали камида 7 млрд метр куб сув иқтисод қилинишини ҳамда 300 минг гектар майдонда такрорий экинларни суғоришга йўналтирилишини таъминлаш топширилди.

 

Қонун ижодкорлиги

 

Қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади:

  • жиноятларни тергов қилиш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувларини эшитиб туриш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш;
  • жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартибини жорий этиш;
  • адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш талабини бекор қилиш.

 

Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган ва 28.02.2023 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.


Валюталар курси

2024-12-03
  • USD:12838.33 (+0.00) сум
  • EUR:13498.22 (+0.00) сум
  • RUB:119.70 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48