Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Турли никоҳдан фарзандлари бўлган ходимга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қандай тўланади Импорт қилишда ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартибида нималар ўзгарди Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги қандай ишлайди

Ипотека кредитлари – янги тартиб бўйича

10.02.2021

Рус тилида ўқиш

Вазирлар Маҳкамасининг 5.02.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитлари ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 56-сон қарори қабул қилинди.

 

Низом бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартибини белгилайди.

 

Мазкур Низом қоидалари қуйидаги ҳолатларда қўлланилади:

  • қишлоқ ва шаҳар жойларда қурилган бирламчи уй-жой бозорида кўп квартирали уйлардаги квартираларни сотиб олишда;
  • Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида тажриба тариқасида 1.05.2020 йилга қадар белгиланган тартибда умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкаларида пудрат ташкилотларини жалб этган ҳолда уй-жойларни қуриш (қайта қуриш) учун ипотека кредитларини ажратишда.

 

Низом қоидалари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

  • тижорат банкларининг ички кредит сиёсатига мувофиқ ўз маблағлари, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳамда бошқа жалб қилинган маблағлар ҳисобидан жисмоний шахсларга уй-жой (квартира) сотиб олиш, қуриш (қайта қуриш), таъмирлаш учун ипотека кредитлари ажратишга;
  • ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти томонидан белгиланган тартиб ва шартлар, банкларнинг ички сиёсати, шунингдек мазкур ташкилот ва банклар ўртасида тузилган шартномалар асосида унинг маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари ажратишга ва бошқалар.  

 

Ипотека кредитлари 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга бозор (фоиз) ставкасида ажратилади. Улар бўйича аннуитет тўловлар тартиби татбиқ этилади ва имтиёзли давр белгиланмайди. Шунингдек белгиланишича, фоиз ставкаси МБнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, мутаносиб равишда камаяди, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади.

 

Молия вазирлиги томонидан ипотека кредитлари учун маблағлар ажратишда банкларга қуйидаги мувофиқлик мезонлари белгиланади:

  • банкда янги тартиб доирасида ипотека кредитларини ажратиш юзасидан аниқ белгиланган ички тартиб мавжуд бўлиши;
  • банк «Fitch Ratings» ёки «Standard & Poor's» рейтинг агентликларининг «В» даражасидан ёки «Moody's Investors Service» рейтинг агентлигининг «В2» рейтингидан паст бўлмаган даражада узоқ муддатли кредит рейтингига эга бўлиши;
  • охирги 3 йиллик молиявий ҳисоботлар бўйича аудиторлик ташкилоти ижобий хулосасининг мавжудлиги;
  • банкнинг регулятив капитали 500 млрд сўмдан кам бўлмаслиги ва бошқалар.

 

Қарз олувчилар қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши лозим:

  • ипотека кредити олиш учун мурожаат қилган кунида 18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган Ўзбекистон фуқароси бўлиши;
  • ипотека кредити бўйича ҳисобланган фоизларни ва асосий қарзни тўлов жадвалига мувофиқ тўлаш учун етарли бўлган даромад манбаига эга бўлиши;
  • ипотека кредитини ажратишни кўриб чиқиш вақтида кредит ташкилотларидан аввал олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги ва бошқалар.

 

Қарор Президентнинг 28.11.2019 йилдаги «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5886-сон Фармонига ва 1.05.2020 йилдаги «Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4701-сон қарорига мувофиқ қабул қилинган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6.02.2021 йилдан кучга кирди.


Наргиза Воҳидова.



Валюталар курси

2024-12-12
  • USD:12865.66 (+0.00) сум
  • EUR:13510.23 (+0.00) сум
  • RUB:125.14 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 10 декабрь№ 50