Президентнинг 14.10.2024 йилдаги «2024-2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-155-сонли Фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2024–2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларидаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш самарадорлигини ошириш учун давлат космик мониторингининг қуйидаги устувор йўналишлари белгиланди:
- ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва бундай ер участкаларида бино ва иншоотлар қурилиши ҳолатларини аниқлаш;
- ўрмон билан қопланган майдонларнинг чегараларини белгилаш ва уларнинг ҳолатини мониторинг қилиш;
- геология соҳасида ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, фойдали қазилмалар жойлашган майдонлардан асоссиз равишда ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш;
- мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойларида белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқиш ҳолатларини, янги пайдо бўлган ноқонуний чиқинди зоналарини аниқлаш;
- сув омборларининг лойқа оқизиқлар билан тўлиб боришини, сув сатҳи режимини мониторинг қилиш;
- қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланилишини ўрганиш, экинларнинг турлари ҳамда сув истеъмоли ҳажмларини аниқлаш.
Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2024-2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида давлат космик мониторингини амалга ошириш дастури;
- 2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг космик соҳасини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”.
Дастур доирасида қуйидаги мақсадли кўрсаткичларга эришиш режалаштирилган:
- сув сатҳи режими мониторинги амалга ошириладиган сув омборларининг сонини 50 тага етказиш;
- қишлоқ хўжалиги экин ерлари кесимида экин ерларидан фойдаланишнинг жорий ҳолатини, экинларнинг турларини ҳамда ҳақиқатда экин экилган майдонларини тўлиқ қамраб олиш;
- ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, фойдали қазилмалар жойлашган майдонлардан асоссиз ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ишлари билан республиканинг барча ҳудудларини қамраб олиш;
- ўрмон билан қопланган барча майдонларнинг чегараларини белгилаш.
2025 йил 1 мартдан бошлаб ер қаъридан фойдаланиш бўйича масофавий мониторинг ва риск-таҳлил "Геомониторинг" ахборот тизими ҳамда SGM платформаси орқали амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.10.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова