Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тасдиқланди (24.02.2020 йилдаги 109-сон ВМҚга қаранг).
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 17.06.2019 йилдаги ПФ-5742-сон Фармони билан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини (кейинги ўринларда - объектлар) қуриш ва реконструкция қилиш учун талаб этилаётган маблағлар, 2019-2029 йиллардаги Инвестиция дастури доирасида давлат бюджетидан мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш учун ажратиладиган маблағларнинг 5 фоизи миқдорида қўшимча равишда ажратилиши белгиланган. Республиканинг ҳар бир ҳудуди бўйича 2020-2030 йилларда туманлар (шаҳарлар) кесимида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.
Ҳисобот йилида қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектларнинг манзилли рўйхати 1 февралга қадар шакллантирилади ҳамда Сув хўжалиги вазирлигида 1 апрелга қадар тасдиқланади. Тасдиқланган рўйхат 15 апрелга қадар ОАВда ҳамда Сув хўжалиги вазирлигининг веб-сайтларида жойлаштирилади.
Бундай лойиҳаларни амалга оширишни хоҳловчилар (республика фуқаролари, қишлоқ хўжалиги корхоналари, резидентлар) инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тўғрисида битим тузиб, объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишларига доир харажатларни қоплаш учун компенсация олишлари мумкин. Мазкур ҳолатда Давлат бюджетидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ҳар бир гектар ерни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатларнинг 50%и, бироқ 50 БҲМдан (субсидия) ошмаган ҳолда бирйўла қопланади Харажатларнинг қолган қисми инвесторнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.
Инвестиция шартномасида ёки ДХШ тўғрисидаги битимда қуйидагилар назарда тутилиши лозим:
- қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари рўйхати ва унга талаб этиладиган маблағлар дастлабки миқдори;
- бизнес лойиҳа;
- ҳар бир гектар ерга ажратиладиган субсидияларнинг БҲМга каррали миқдори ва бошқа мажбуриятлар.
Лойиҳа ташаббускори ишлар якунланганидан кейин субсидия олиш учун Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- ариза-талабнома;
- амалга оширилган қуриш ва реконструкция ишлари харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси (ҳисоб-фактура ва бошқалар);
- туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари раислигида тасдиқланадиган ишларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси.
Келиб тушган ҳужжатлар 3 иш куни ичида кўриб чиқилади ва Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этилади, у ерда худди шундай муддатда харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун маблағлар лойиҳа ташаббускорининг банк ҳисобварағига ўтказиб берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.02.2020 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.