Вазирлар Маҳкамасининг 24.07.2021 йилдаги 460-сон қарори билан Иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.
Ҳужжат Президентнинг 20.04.2021 йилдаги «Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6208-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Вақтинчалик низомда қуйидагилар назарда тутилган:
- иш берувчиларга 25 ёшдан ошмаган ходимлари учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини маълум бир давр учун Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериш тартиби;
- иш берувчига ДСҚ томонидан ижтимоий солиқ суммасини тўлаб бериш ёки тўлаб беришни рад этиш асослари;
- иш берувчи томонидан имтиёздан фойдаланиш учун топшириладиган солиқ ҳисоботлари;
- Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан Давлат бюджетидан қоплаб бериладиган маблағларни иш берувчининг банкдаги ҳисобварағига ўтказиб бериш тартиби.
Низомга мувофиқ иш берувчиларга нисбатан тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш қўлланилиши учун уларнинг ёш ходимлари қуйидаги талабларга мос келиши шарт:
- ижтимоий солиқ суммаси қоплаб берилиши сўралаётган ҳисобот ойида ёш ходим 25 ёшдан ошмаган бўлиши;
- узлуксиз 6 ой давомида меҳнат фаолиятини амалга оширган ҳамда иш берувчи томонидан белгиланган тартибда ижтимоий солиқ узлуксиз тўланганлиги тасдиқловчи ҳужжат (электрон қайд) мавжудлиги.
Иш берувчи томонидан ариза у солиқ тўловчи сифатида рўйхатда турган солиқ органига ижтимоий солиқ ҳисоботи тақдим этилганидан кейин 3 ойдан кечиктирмасдан тақдим этилади.
Ариза келиб тушган санадан бошлаб 5 иш куни мобайнида аризанинг талабларга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги ўрганилади.
Тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда автоматлаштирилган дастурда 1 иш кунида хулоса шакллантирилади.
Вақтинчалик низом 2021 йил 1 майдан 2023 йил 15 январга қадар тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб беришга нисбатан татбиқ этилади.
Бунда 2022 йил декабрь ойи учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш учун иш берувчи томонидан ариза беришнинг охирги муддати 2023 йил 1 апрель куни этиб белгиланади.
Мазкур тартиб бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Вақтинчалик низом 2023 йил 1 январга қадар амал қилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.07.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.